Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон мусулмонлари идораси Исроил–Фаластин можаросига муносабат билдирди
20.05.2021 11:17,  
291

Мусулмонлар идораси Фаластин–Исроил можаросига муносабат билдирди.

Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишда.

«Жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил муаммосини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этилиши зарурлигини бот-бот таъкидламоқда. Зеро, Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстликка, аҳиллик ва бирдамликка ҳамда бағрикенгликка даъват этади.

Ал-Ақсо масжиди Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан биридир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Уловлар фақат учта масжид томонгагина жиҳозланади: Масжиди Ҳаром, менинг ушбу масжидим ва Масжиди Ақсо».

Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон – Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид. Ушбу табаррук масканлар мўмин-мусулмонлар учун доимо азизу мукаррамдир.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни аввал Масжидул Ақсо томонга юзланиб ўқидилар. Ўн уч йиллик Макка даври тўлиқ шундай ўтди. Мадина шаҳрига ҳижрат қилганларидан кейин ҳам мазкур масжид қиблаликда давом этди. Фақат ўн олти ой ўтибгина қибла Макка шаҳридаги Ҳарам томон ўзгарди.

Манбаларда қайд этилишига кўра, уни Одам алайҳиссалом барпо этган. Замонлар ўтиб эса Иброҳим алайҳиссалом уни қайта тиклаган. Кейин Исъҳоқ ва Ёқуб алайҳиссаломлар унга масъул бўлдилар. Сўнг Сулаймон алайҳиссалом томонидан масжид янгидан қад ростлаб ҳозирги кўринишга келди.

Исро кечаси Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Макка шаҳридан Қуддусга – Ақсо масжидига сайр эттирди. Бу ҳақида: «Ўз бандасини тунда Масжиди Ҳаромдан атрофини баракотли қилиб қўйганимиз Масжиди Ақсога оятларимизни унга кўрсатиш учун сайр эттирган Зот (ўзига нолойиқ сифатлардан) покдир» (Исро, 1).

Исро кечаси Набий алайҳиссалом Маккадаги Масжиди Ҳаромдан чиқиб, фаришта Жаброил алайҳиссалом билан Қуддус шаҳрига бордилар. Масжиди Ақсода барча пайғамбарларга имомлик қилиб намоз ўқиб бердилар.

Демак, Масжидул Ақсо Ислом динининг шиор маконларидан бири, икки қибланинг биринчиси, учта асосий масжидлар сирасидан, мусулмонларга тегишли муборак маскан. Ўз навбатида ушбу минтақада бошқа дин вакиллари учун ҳам табаррук ҳисобланган зиёратгоҳлар мавжуд. Шундай экан минтақада зўравонлик, жабру ситамга чек қўйилиши ҳамда бундан буён шафқатсизлик ва қон тўкилишига йўл қўймаслик жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Зеро, Ислом дини инсонларга озор беришдан қайтаради. Нафақат инсон зотига, балки, чумолига ҳам озор бериш, ҳаттоки, азият берувчи бирор сўз айтишдан ҳам қайтаради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Айни вақтда, мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.

Таъкидлаш жоизки, Шарқий Қуддусдаги нотинч вазият барчамизнинг дилларимизни оғритди, руҳониятимизни маҳзун қилди. Бундай пайтларда мўминнинг мўминдаги ҳаққи дуо қилишдир. Зеро, дуо нажот ва қалқондир. Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймизки, бутун дунё, хусусан мусулмон оламида тинчлик ва офиятни барқарор этсин, Ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларга омонлик, нусрат ва қалбларига сакинат ато этсин», дейилади муносабатда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан