Президент “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Ҳужжатга кўра:
➖ ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли алоқанинг хавфсиз ва қўлни банд қилмайдиган техник воситаларидан (қулоқчин, bluetooth) фойдаланишга рухсат берилмоқда;
➖ транспорт воситасини бошқариш пайтида салоннинг олд қисмига ўрнатилган монитордан теле-, видеодастурларни томоша қилишга қўйилган тақиқни сақлаб қолган ҳолда, мониторни ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда;
➖ МЖтКнинг 4 та моддаси бўйича жазо миқдори ҳуқуқбузарликнинг хавфлилик даражаси ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мақбуллаштирилмоқда. Жумладан, аҳолининг айрим қатламлари учун моддий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, автомобилда йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун (фуқаролар учун – 27 млн сўмдан 1,9 млн сўмгача, мансабдор шахслар учун – 40 млн сўмдан 8,1 млн сўмгача камайтирилмоқда) ва бошқалар;
➖ транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинмоқда. Бунда, ҳайдовчининг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт, ID-карта) мавжуд бўлишининг ўзи етарли эканлиги белгиланмоқда.