Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси томонидан бир нечта нефть база раҳбарлари ишдан олинди
9.12.2021 22:01,  
370

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, нефть базалар фаолияти самарадорлигини ошириш, дебитор қарздорликларни ундириш бўйича жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари натижалари ҳамда йил якуни учун устувор вазифалар таҳлилига оид йиғилиш ўтказилди.

Бошқарув раиси истеъмолчиларга нефть маҳсулотлари, жумладан, автобензин етказиб берилиши бўйича керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, жойларда айрим раҳбарлар ҳамда масъулларнинг ўз вазифасини бажарилмаётганлиги ҳолатлари аниқланаётганини кескин танқид қилди.

Нефть базалар раҳбарлари ОАВ ёки интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиб тушунтириш ишлари олиб бориши кераклиги ҳамда ишни тўғри ташкил этиши бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳозир ошкоралик, очиқлик сиёсати юритилаётганини ҳар бир раҳбар ёдда тутиши кераклиги ҳамда нефть база фаолиятини яхшилаш, самарадорликни ошириш учун виждонан ишлаш кераклиги таъкидланди.

Нефть базаларнинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти таҳлил қилинганда, дебитор қарздорликни ундириш бўйича кўрилаётган чоралар ўта қониқарсиз аҳволда эканлиги, йил бошига нисбатан дебитор қарздорлик 2,4 баробарга ошгани, талон-тарожликлар, камомад ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатлари ҳанузгача аниқланиб келинаётгани билдирилди.

Катта миқдорда қарздорлик Жиззах, Бухоро, Мароқанд, Қарши, Андижон ва Гулистон нефть базаларда сақланиб қолаётгани, айниқса, дебитор қарздорлик масаласида ижобий ҳаракатлар кўзга ташланмаётгани, умидсиз қарздорликнинг мавжудлиги ҳамда хатолар такрорланаётгани, тегишли раҳбарлар шу вақтга қадар тўғри хулоса чиқариб олмагани кескин танқид қилинди.

Дебитор қарздорликни камайтириш ва келгусида қарздорликни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тегишли топшириқлар берилганига қарамасдан, айрим нефть базалар томонидан қарздорликни ҳисоботларда яшириш ҳолатлари давом этаётгани маълум қилинди.

Жумладан, Мароқанд нефть базаси томонидан ўтган давр мобайнида тўловсиз истеъмолчиларга етказиб берилган нефть маҳсулотлари эвазига ҳосил бўлган дебитор қарздорлик ҳисоботларда яширилган. Қарши нефть базаси томонидан эса тутган давр мобайнида тўловсиз истеъмолчиларга етказиб берилган нефть маҳсулотлари эвазига ҳосил бўлган дебитор қарздорлик ҳисоботларда яшириб, жорий йилнинг ноябрь ойида 32,7 млрд сўмлик дебитор қарздорлик ҳисоботларда акс эттирилган.

Мазкур ҳолат бўйича Қарши нефть базаси директори Б.Маҳмудов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бошқарув раиси томонидан нефть базаларнинг кадрлар масаласи билан шуғулланиш ҳамда уни қайта кўриб чиқиш бўйича тегишли департамент раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Барча нефть базаларда молиявий камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарлар, моддий жавобгар бўлган ходимларнинг ҳам иш фаолияти қайта кўриб чиқилиши ҳамда лавозимдан олиниши бўйича топшириқлар берилди.

Иш фаолиятида камчиликларга йўл қўйган Тўрақўрғон нефть базасининг фаолиятини жиддий танқид қилинди ҳамда нефть базага қарашли АЁҚШда 2 млрд сўм маблағнинг ўз вақтида кирим қилинмай келингани ортидан нефть база раҳбари, иқтисодий масалалар бўйича унинг ўринбосари, бош бухгалтер эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ушбу йиғилишда ёқилғи тарқатиш шохобчаларини сотиш ишлари ҳам амалда суст бажарилгани таъкидланди. Жами 615 та фермерларга ёқилғи тарқатиш шохобчаларини сотиш режалаштирилган бўлса, бугунги кунда 254 таси (41 фоизи) сотилган, холос. 554 таси баҳоланган, 550 таси бўйича экспертиза хулосаси олинган ва 292 таси “E-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилган. Жами 300 та автоёнилғикашларни сотувга чиқариш, 25 тасини ижарага бериш режалаштирилган бўлса, бугунги кунда 180 таси сотилган (60 фоизи), 14 таси (56 фоизи) ижарага берилган, холос.

Шу билан бирга, Қарши нефть базасига тегишли 11 та, Мароқанд нефть базасига тегишли 6 та ФЁТШлар Ҳукумат ва “Ўзбекнефтгаз” қарорлари талабларига зид равишда нефть база ходимлари таъсисчилигидаги корхоналарга сотилган бўлиб, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

Йиғилиш сўнггида, аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш, зарар ва камомадларни ўз вақтида қоплаш, ундирилишини таъминлаш, айбдор ходимларга нисбатан чоралар кўриш, салбий ҳолатларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан