Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Тендердаги ўйинлар”: Монополияга қарши курашиш қўмитаси ноқонуний ҳолатларни маълум қилди
7.02.2021 19:43,  
753

XVIII асрда яшаган ва либерал иқтисодиёт назариясининг асосчиси ҳисобланган Адам Смит шундай деган эди: “Бир касб эгалари камдан-кам ҳолларда бирга дам олишган, ҳатто фақат ўйин-кулги учун ҳам, зеро уларнинг учрашувлари жамиятга қарши фитна ёки нархларни ошириш учун сабаб бўлиши мумкин”. Келишувда иштирок этган ҳар бир тараф ўз қарорини англайди, лекин, тўғри йўлдан ҳаракатланиш учун унинг ғаразлиги ва ҳасислиги ҳалақит қилади. Аммо, иқтисодда бумеранг қонунини ҳеч ким бекор қилмаган. Зеро ҳалол рақобат орқали ғалаба қозониш ҳамиша ёқимли бўлган.

Давлат харидлари борасидаги муносабатлар 2018 йилдан бери “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган. Ҳужжатда танлов асносидага харидларда, тадбиркорлик субъектларига ҳалол рақобатни таъминлаш учун аниқ қилиб конкурсларнинг мақсади, вазифаси ва барча амалга ошириладиган ишларнинг тартиби ёзиб қўйилган. Қонунда шундай бўлсада, баъзи бир буюртмачилар қонун бузилиш учун чиқарилган деб ўйлашади.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Савдоларни назорат қилиш бошқармаси томонидан ана шундай қонунбузувчилар мунтазам аниқланади, уларнинг қинғир ишлари туфайли баъзиларга қонун иккинчи даражага тушиб қолса, баъзиларга соғлом рақобат йўлида тўсиқлар пайдо қилади.

Мирзохид Камилов – Савдоларни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун тенг шароитларни яратиш, ошкораликни таъминлаш ва давлат хариди тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш мақсадида 2020 йилнинг 6 июл санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазку фармонга асосан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари шу каби қонун бузилиш аломатларини аниқлашади ва ўрнатилган тартибда иш олиб боришади. Агар аниқланган қонунбузилишларини бир ерга жамласа, “Монополия” ўйинини ўйнаса бўлади. Ушбу ўйинни болалар ўйнаганда унчалик аламли бўлмасди, аксинча агар бу ўйинни катталар ўйнаса иштирокчилар мавжуд қоидаларга амал қилмасдан сабабсиз четлаштирилиб, натижада носоғлом муҳит вужудга келади.

“Asia new plast” МЧЖи Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган. Ўтган йили махсус электрон порталда Шуманай туман Тиббий Бирлашмасининг лотини кўрганида, унда иштирок этиш учун ўз номзодини кўрсатади. Буюртма 870 кв.метрга жалюзи ўрнатиш. Эътибор беринг, бошланғич нарх сифатида кв.метрга 450 минг сўм белгиланган. Бу нархга Ўзбекистонда жалюзи топишнинг иложи йўқ, ҳатто, бошланғич нарх сифатида кўрсатилганда ҳам. Лекин, лот ўйналди ва натижада…

Улуғбек Байниязов – “Asia new plast” МЧЖ вакили

Танловга биз кв.метр учун 61 минг сўм миқдорида нарх бердик. Бу бошланғич суммадан 7 мартта, ғолиб топилган бошқа ташкилотнинг нархидан ҳам кам дегани. Тендер қароридан норизо бўлиб биз ташкилотчиларга мурожаат этдик, улар бизга ташкилотимиз четлаштирилганини бунга сабаб қилиб эса, тақдим этилган ҳужжатларда қарздорлик ҳақида солиқдан ва банкдан эса айланма пул ҳисоби маълумотлари йўқлигини рўкач қилишди. Зеро, лотда талаб этилган ҳужжатларда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган эди. Хуллас, монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этдик.

Алишер Юсупов – Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бўлим бошлиғи

Шуманай туман Тиббиёт Бирлашмасидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш жараёнида тендерда “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун бузилиш аломатлари аниқланди. Ўрнатилган тартибда биз давлат буюртмачисига танловда йўл қўйилган қонун бузилишларини тушунтирдик ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 55-моддасига асосан, ўтказилган савдолар Комиссия томонидан бекор деб топилди. Ўз навбатида Шуманай тумани Тиббиёт бирлашмаси савдоларни янгитдан ўтказиш ҳақида бизга хат орқали хабар берилди.

Яна бир қизиқ воқеани “TURAN PROEKT SMETA” МЧЖ лойиҳачиси Саламат Кдиров сўзлаб берди. Базоут тумани Халқ таълими бошқармаси ўзининг биноларидан бирига газ ўрнатиш бўйича лойиҳани аукционга қўяди. Лекин, аукционда ғолиб бўлган корхонанинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. Зеро аукцион ўтказилишидан олдин мазкур лойиҳанинг сметаси бошқа тадбиркорлик субъекти томонидан тайёрлаб бўлинган бўлиб, ғолиб корхона билан шартнома тузишни ҳеч ким ўйламаган эди. Мазкур мурожаат айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганилмоқда.

Мирзохид Камилов – Савдоларни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

Ўзининг ноёблиги билан тендер савдоларида учрайдиган ҳолатларни республикамизнинг ҳар бир вилоятидан топишингиз мумкин. Мисол тариқасида, Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўриб чиқилган баъзи ишларни кўрсатамиз: “Ичан-қаъла” Давлат музей қўриқхонаси, Янгибозор туманидаги мактабгача таълим бўлими, Шовот тумани 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Ургенч олимпия ва миллий спорт турлари махсус интернат мактаби. Санаб ўтилганлар томонидан ўтказилган барча тендерлар ноқонуний деб топилиб бекор қилинган ва қонунда белгилангандек қайта ўтказилишига эришилган.

Абдуғаффор Салимов – Хоразм вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи бошлиғи

Ўтган йил давомида бошқармага ташкилотчилар томонидан ноҳолис ўтказилган тендер савдолар ҳақида 15 мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларни ўрганиш жараёнида улар томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасининг бузилиш аломатлари аниқланган. Аниқланган ноқонуний ҳаракатлар асносида Бошқарма иш қўзғатган ва уларга тегишли кўрсатмалар берилган ҳамда маъмурий баённомалар тузилган.

Шунингдек, Қўшкўпир тумани Халқ таълими бўлими ва Хоразм вилояти “Халқ банк”и томонидан ўтказилган тендер савдолари ҳам ноқонуний деб топилган. Умуман олганда Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан давлат харидлари билан боғлиқ бўлган 476 та савдолар ўрганиб чиқилган ва улардан 225 тасида қонун бузилиш аломатлари аниқланган. Бу умумий савдоларнинг 47 фоизи дегани. Шу каби ўрганишлар ҳозирги кунда бутун республика бўйлаб давом этмоқда.

Биз эса, ўз навбатида ҳуқуқлари бузилган тадбиркорлар Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз — дея ёзмоқда "Human.uz".

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан