Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тил ҳақида...
28.04.2020 12:08,  
286

Ўзбекистонда давлат идораларида иш юритишни давлат тилига тўлиқ ўтказиш ҳақидаги янги ташаббус баъзиларга ёқмаётгани мени бир томондан ҳайрон қолдиряпти, иккинчи томондан энсамни қотирди...

Ҳайрон қолдиргани - бу ташаббус гўёки бугун осмондан тап этиб тушиб қолгандек ваҳима қилишяпти.

Ўртоқлар! Бу қоида аслида 31 йил (!) олдин қабул қилинган.

Ҳа, 1989 йилда қабул қилинган Давлат тили тўғрисидаги қонунда давлат идораларида иш давлат тилида, яъни ўзбек тилида (!) юритилади, деб "кўрга ҳасса" қилиб ёзиб қўйилган. Тамом! Бошқа саволга, баҳсга ўрин йўқ.

Қонун матнида жаримага тортиш керак деган жойи йўқ. Унда нима қилиш керак? Бунақа жойи йўқ экан, деб қонунни ижрога киритмасдан архивга улоқтириш керакми?

Аслида нафақат қонунга риоя қилмаганларни, балки унинг ижросини назорат қилмаганларни ҳам жазолаш керак. Ҳар қалай, қонун ўйинчоқ ҳужжат эмас. 30 йил давомида қонун тўлиқ ижро қилинмагани учун баъзилар, қўпол қилиб айтганда, бошимизга чиқиб олди. Шунақа қонунимиз бор эди, шунга риоя қилайлик, деб кимдир эслатиб қўйган эди; уни миллатчидан олиб халқ душманигача чиқариб қўйишларига сал қолди.

Давлат тили тўғрисидаги қонун нега ижро қилинмаяпти, деб аслида зиёлилар 30 йилдан бери гапириб келади. Бугун энди шу масалага давлат идорасининг ҳам жиддий эътибор қаратишни бошлагани баъзи «байналмилал» фаолларнинг пайтавасига қурт туширган кўринади.

Давлат тилида иш юрита олмайдиган одамни жаримага тортгандан фойда йўқ; ишдан бўшатиш керак. Чунки тилни ўрганмагунча, у барибир қонунга риоя қила олмайди. Бўшатилган ходимнинг ўрнига давлат тилини биладиган малакали мутахассис топилмаса, ходимни ишдан бўшатмасдан, ёнига битта таржимонни бириктириб қўйишга тўғри келади. Давлатнинг ресурслари етса, марҳамат, шундай қилаверсин. Лекин бугун Ўзбекистонда исталган соҳада давлат тилини яхши биладиган малакали мутахассисни бемалол топиш мумкин. Давлат идораларига кадрларни танлаш ва тайинлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш даври ҳам келди, менимча.

Норози бўлаётган ўртоқлар диққатига!

Ҳозир иқтисодиёт учун тил муҳим эмас; халқлар ўртасига совуқлик соляпсиз, деб даъво қилаётганлар диққатига!

Агар сиз янги тартибга рози бўлмасангиз, Давлат тили тўғрисидаги қонунни бекор қилиш талаби билан чиқинг. «Дух»ингиз етадими? Ахир бу тартиб шу қонун ижросини таъминлаш учун қабул қилиняптику; янги қоида яратгани йўқку.

Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятига ҳам шу гап: ижросини амалда татбиқ қила олмас экансиз, қонун чиқариб нима қиласиз?!

Хуллас, ваҳимага арзийдиган ҳеч қандай янгилик йўқ. Шунчаки, 30 йил бурун қабул қилинган, ижрога тўлиқ киритилмай токчада чанг босиб ётган қонунни бугун жиддий назорат остига олишмоқчи, холос.

Шундан кейин ҳам тушунмаган бўлсангиз, ё аҳмоқсиз ёки чин дилдан Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили эканидан норозисиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан