2 июль куни Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудига ўрнатилган фотоқопқонга Ўзбекистон ва жаҳон «Қизил китоб»ига киритилган қор қоплони икки бор тушиб қолган. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган тур – Илвирс, қор қоплони Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи қизил рўйхатига киритилган.
У Ғарбий Тян-Шан, Ғарбий Помир-Олой тизмаларида, Ўзбекистондан ташқарида Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ғарбий Сибир, жануби Мўғулистон, Хитой, Aфғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Непал, Бутанда тарқалган.
Қор қоплони тоғларнинг ўрта ва юқори (денгиз сатҳидан 2500–4500 м баландликда) қисмида яшайди. Ҳавза айирғичлари ҳамда қояли тош-сочма қияликларни афзал кўради.