1-МДҲ ўйинларида медалларимиз сони 59 тага етди

1-МДҲ ўйинларида медалларимиз сони 59 тага етди

Татаристон пойтахти Қозонда бўлиб ўтаётган 1-МДҲ ўйинларидан бугунги кунгача баскетбол(3х3), бокс, белбоғли кураш, кураш, самбо,эркин ва юнон-рум кураши беллашувлари поёнига етганидан хабарингиз бор.

Бугун 8 сентябрь куни тай-бокс, бадминтон, милтиқдан ва стентдан ўқ отиш, спорт рақси йўналишларида медаллар учун баҳслар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистонлик спортчилар асосий йўналишларда медалларга даъвогарлик қилишмоқда. Шунингдек, бугун кун давомида футзал бўйича “А” ва “В” гуруҳларида саралаш мусобақалари бўлиб ўтади. Айтиш лозимки, қуръа натижасига кўра, “А” гуруҳида Россия, Ўзбекистон, Молдова жамоалари ўрин эгаллашган. “В” гуруҳидан эса Беларусь, Озарбайжон, Қирғизистон жой олган.

Кеча Беларусь жамоаси Озарбайжон футзалчиларини 6:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Россия –Молдова ўйини 16:3 ҳисобида якунланди.

Бугун 8 сентябрь куни Қирғизистон-Беларусь ва Россия- Ўзбекистон ўйини бўлиб ўтади. Эртага 9 сентябрь куни эса Озарбайжон-Қирғизистон, Ўзбекистон-Молдова баҳси ўтказилади.

Ҳозирча “А” ва “В” гуруҳларида биттадан ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилган россиялик ва беларуслик ёш футзалчилар пешқадамлик қилишмоқда. Футзал мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари номи 11 сентябрда аниқланади.

ЎзАнинг хабар беришича, 1-МДҲ ўйинларининг бугун 8 сентябрнинг биринчи ярмигача бўлган вақтда медаллар жамғариш бўйича Россия 105 та медаллар шодаси билан 1-ўринда бораётган бўлса, 59 медалга эга бўлган Ўзбекистон ёш спортчилари олтин медаллар ҳисобида 2-ўринни эгаллаб турибди. Вакилларимиздан кейинги ўринларни Озарбайжон, Қозоғистон ва Беларусь вакиллари банд этишган.