1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади

1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади

Ҳозирги кунда Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги бекатлар йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари ва NFC банк карталари орқали амалга ошириш имкониятини берувчи статционар валидаторлар билан жиҳозланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Шу билан бирга пойтахтимизда йўловчиларга хизмат қилаётган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли 1000 дан ортиқ автобусларнинг барчаси электрон карталар орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил ва статционар валидаторлар билан тўлиқ таъминланди.

Навбатдаги босқичда йўловчиларнинг ягона транспорт карталари орқали йўл ҳақи тўловларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, автоматлаштирилган тизимнинг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида 2020 йил 1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади.  

Эслатиб ўтамиз, ягона транспорт карталарининг ҳисобини метро кассалари, ойлик йўл чипталарини сотиш шаҳобчалари, инфокиосклар, барча электрон тўлов тизимлари, шунингдек, АТТО – мобил иловаси орқали тўлдириш имконияти мавжуд.