Шавкат Мирзиёев: "1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари миллий валютага ўтказиб берилади"

Шавкат Мирзиёев:


Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади. 

Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз. 

Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.

Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

Валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар.

Шу боис, Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади.

Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади. 

Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. 

Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади. 

Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг  жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади.

Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади. 

Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

Мен ўйлайманки, бу янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига катта туртки беради.