1 сентябрга қадар барча ҳудудларда тун-у кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилади

1 сентябрга қадар барча ҳудудларда тун-у кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилади

2021 йил 1 сентябрга қадар йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилади. 

“Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, савдо ва кўнгилочар кўчаларда кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион асосида сотилади, барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида тун-у кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилади.

Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда бир ой муддатда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг 24 соат мобайнида тун-у кун фаолият юритишига доир жамоат хавфсизлиги бўйича соддалаштирилган талабларни ўрнатишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб бекор қилинади.

Давлат статистика қўмитаси 2021 йил 1 октябрга қадар хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда хизматлар статистикасини юритишни, жумладан, ахборот-коммуникация ва дастурлаш хизматларини ҳисобга олиш методологиясини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиради, республика ҳудудларида хизматлар соҳасининг ривожланиш ҳолатини ҳамда самарадорлигини таққослаш имконини берувчи ҳисобот шакллари ва методологияларни ишлаб чиқади.