1 январдан 35 та давлат олий таълим муассасаси тўлов-контракт миқдорини мустақил белгилайди

1 январдан 35 та давлат олий таълим муассасаси тўлов-контракт миқдорини мустақил белгилайди

Президент 24 декабрь куни «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда 35 та ОТМ молиявий мустақиллик асосида фаолият юритади.

Рўйхатдан Ўзбекистон миллий университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқалар жой олган.

Фото: Ҳуқуқий ахборот.

2023 йил 1 январдан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Республика олий таълим кенгаши ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда мазкур рўйхатга қўшимча давлат ОТМларини киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қарорга кўра, молиявий мустақил давлат ОТМлари 2022 йил 1 январдан қуйидагилар бўйича мустақил қарор қабул қилади:

  • контракт қийматини, тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;
  • маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;
  • ўз ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;
  • хорижий ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларни тўғридан-тўғри харид қилиш;
  • бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш;
  • автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ва уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаш.

Шунингдек қарорга кўра, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари учун давлат ОТМ харажатларини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилиши маълум қилинган.

2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларида васийлик кенгашлари тугатилади.

Уларнинг ўрнида таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз ОТМларнинг Кузатув кенгашлари ташкил этилади.

Тиббиёт олий таълим муассасаларига уларнинг клиникаларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўзларининг буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан зарур маблағларини сарфлашга рухсат берилди.

Бундан ташқари, ҳужжат билан 2022/2023 ўқув йилидан молиявий мустақил давлат ОТМларига қуйидаги ваколатлар берилди:

Академик мустақиллик соҳасида:

  • ўқув режалари, дастурлари, малака талабларини тасдиқлаш, таълим шаклини белгилаш;
  • ўқиш давомийлиги муддатини белгилаш;
  • докторантура контракти миқдорини белгилаш, ўз ҳисобидан грант ажратиб докторантурага квотага қўшимча қабул қилиш;
  • докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;
  • магистратура учун сиртқи, масофавий ва кечки таълимни жорий этиш;
  • академик мобилликни амалга ошириш;
  • ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш;
  • таълим сифатини ички назорат қилиш.

Ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида:

  • тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;
  • муассаса тузилмасини тасдиқлаш ва штатини белгилаш;
  • янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдагиларини тугатиш;
  • ишга қабул қилиш, озод этиш ва ротациясига оид тартибни белгилаш;
  • масофавий таълимни очиш.