10-20 йилдан буён Россияда қидирувда бўлган автомобиллар Тошкент вилоятида топилди

10-20 йилдан буён Россияда қидирувда бўлган автомобиллар Тошкент вилоятида топилди

Россия Федерациясида бири 20 йил, иккинчиси 10 йил мобайнида қидирувда бўлган транспорт воситалари Қибрай ва Тошкент туманларида сақлаб келинаётганлиги ошкор бўлди. Иш терговга ўтказилди.

Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига Қибрай туманида яшовчи фуқаро Ғ.С. ариза билан мурожаат қилган. У мурожаатида ўзига тегишли «Ваз-2106» транспорт воситасини узоқ йиллар уйида сақлаб келганлиги, илгари фуқаролиги бўлмаганлиги сабабли фуқаролиги йўқ шахсларга бериладиган давлат рақам белгисини олганлигини маълум қилган. Ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлгани учун тегишли тартибда транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасини алмаштириб, бошқа давлат рақам белгиси беришни сўраган.

Ушбу транспорт воситасига тегишли маълумотлар ва транспорт воситаси агрегат рақамларини Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг «Ягона автоматлаштирилган ҳисоб тизими»дан текширганида автомобиль 2000 йил 12 март куни Россия Федерациясининг Оренбург шаҳридан олиб қочилганлиги ҳамда қидирувда эканлиги аниқланган.

Шунингдек, Тошкент туманида яшовчи фуқаро И.А. сотиб олган «ГАЗ-330202» русумли юк транспорт воситасини расмийлаштириш учун ДЙҲХХга олиб келган. Ушбу автомобилнинг ҳам агрегат рақамлари текширилган. Натижада транспорт воситаси 2011 йилдан бери қидирувда эканлиги, уни номаълум шахслар Россия Федерациясидан олиб қочганликлари маълум бўлган.

Ҳозирги кунда ҳар иккала ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли хулоса қилиш учун тергов органига топширилган, дея хабар берди ИИББ Ахборот хизмати.