10 дан ортиқ давлат органи Президент фармони ижросида камчиликка йўл қўйган – Аксилкоррупция агентлиги

10 дан ортиқ давлат органи Президент фармони ижросида камчиликка йўл қўйган – Аксилкоррупция агентлиги

Жорий йилнинг 20 декабрь ҳолатига кўра, 10 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини тегишинча ижро этмаган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган навбатдаги масофавий ўрганишлар давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қуйидаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган ресурсларда очиқланиши ҳолати ўрганилган:

•    давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар;

•    мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;

•    давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар;

•    тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроситўғрисидаги маълумот;

•    маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар.

Ўрганишлар натижаларига кўра, 10 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, Молия, Адлия ва Халқ таълими вазирликлари, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларитомонидан Фармоннинг юқоридаги бандлари ижросини таъминлашда қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган ҳамда ушбу камчиликларнинг олдини олиш бўйича уларга тегишли тавсиялар берилган.