10 минг қадам юрганга пул тўлаш ҳақидаги “ваъда” ҳукумат қарори лойиҳасига келиб “унутилди”ми?

10 минг қадам юрганга пул тўлаш ҳақидаги “ваъда” ҳукумат қарори лойиҳасига келиб “унутилди”ми?

2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.

Ушбу Фармонда аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформаси яратилиши белгиланган эди.

Унга кўра, “бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм;

бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади”, дейилади Давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда. Фармондаги мазкур банд жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган эди.

Шунингдек, Фармонда мазкур ишларни молиялаштириш аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган- дея ёзмоқда "Халқ сўзи газетаси"

“Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишлаб чиқиш ва унга хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизасиялаш бўйича буюртмачининг функсиялари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига юклатилган.

Бугун Ҳукуматнинг “Соғлом турмуш тарзи” платформасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Бироқ унда Президент Фармонида келтирилган фуқаролар электрон ҳамёнига пул тўлаш ҳақидаги тартиблар акс этмаган. Шу боис ҳужжат лойиҳаси анча тушунарсиз, бир қанча саволлар келтириб чиқармоқда.

Хусусан, қарор лойиҳасида “Соғлом турмуш тарзи” платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини ҳар чорак якуни бўйича баҳолаш рейтинг тартиби Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникасияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳасига берилган тушунтириш хатида айтилишича, Президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Соғлом турмуш тарзи” платформасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

“Соғлом турмуш тарзи” платформаси 2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқилади.

2021 йилнинг 1 мартдан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан “Соғлом турмуш тарзи” платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳар чорак якуни бўйича рейтинги тузилади ва улар фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси томонидан баҳо берилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги “Соғлом турмуш тарзи” платформасини амалиётга жорий этилгандан сўнг ундан рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спортни ривожлантириш натижалари юзасидан Ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилган ҳисоботлар асосида ҳар чорак якуни бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш амалиётини жорий этган ҳолда уларнинг очиқ рейтингини шакллантиради.

Ташкилотларнинг раҳбарларини спорт натижалари рейтинги ҳар чорак якуни бўйича тўплаган умумий балларини аниқлаш йўли билан амалга оширилади.

Спорт натижалари бўйича ғолиб ташкилотларни аниқлаш қуйидагича амалга оширилади:

а) “Соғлом турмуш тарзи” платформасидан рўйхатдан ўтган ташкилот ходимлари сони (жами ходимлар сонига нисбатан фоизда) – 25 баллгача;

бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган энг кўп ташкилот ходимлари сони (жами ходимлар сонига нисбатан фоизда) – 20 баллгача;

ушбу спорт натижаларини энг кўп мунтазам равишда (ҳар бир ходим 7 кунда камида 2 марта) давом эттираётган ташкилот ходимлари сони учун – 20 баллгача;

бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган ташкилотнинг 50 ёшдан ошган энг кўп ходимлари учун қўшимча равишда – 10 баллгача баҳоланади.

б) ташкилотларда раҳбар ва ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун махсус спорт комплекслари (тренажёр, фитнес заллар ва бошқалар) ташкил этилганлиги – 10 баллгача;

ташкилот ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилганлиги (ҳафтада камида бир марта) – 15 баллгача.

Ташкилотларнинг спорт натижалари 100 баллик рейтинг тизими асосида қуйидагича баҳоланади:

85,0 – 100 балл тўпланганда – “намунали”;

71,0 – 84,9 балл тўплаганда – “яхши”;

50,0 – 70,9 балл тўплаганда – “қониқарли”;

49,9 балл ва ундан кам балл тўплаганда “қониқарсиз”.

Ташкилотларнинг спорт натижалари бўйича якуний рейтинг баҳолари Ишчи гуруҳ баённомаси билан тасдиқланади.

Ҳар чорак якунида рейтинг баллари натижалари бўйича “намунали” деб топилган ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш мос равишда туман (шаҳар), ҳудудий ва Республика спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календар режасида назарда тутилган оммавий спорт тадбирларини ўтказиш учун режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ҳукумат қарори лойиҳасида бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм;

бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши ҳақида ҳеч бир ўринда айтиб ўтилмаган.