Хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун 100 миллион доллар ажратилади

Хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун 100 миллион доллар ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу маблағлар ҳам давлат, ҳам хусусий банклар орқали ажратилади ва кредит ставкаси 15 фоиздан ошмайди.

Ҳудудлар раҳбарлари бу имкониятдан самарали фойдаланиб, хизмат кўрсатиш соҳасида кўп иш жойи яратадиган ва тез амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириши зарурлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу йилги битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда 451 мингдан зиёд ёшлар мактабларни ва 188 минг нафари коллежларни тамомлади. Бу йил қабул қамрови кенгайгани натижасида уларнинг 103 минг нафари олий таълим муассасаларига ва 90 мингтаси коллеж-техникумларга ўқишга кирганда ҳам, бошқаларининг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, 71 минг нафар талаба олий ўқув юртларини битирди.

– Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми? – дея саволлар қўйди давлат раҳбари.  

Маълумки, 8 июнь куни Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 24 тадан 67 тага оширилиб, рухсат олиш талаблари ва солиқ тўловлари деярли бекор қилинди. Бу бандликни таъминлаш борасида катта ресурс экани таъкидлаб ўтилди.

Марказий банкка ўзини ўзи банд қилган шахслар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш, Молия вазирлигига тадбиркорликни бошлаётган ишсиз фуқарога 3 ой мобайнида бино-иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия бериш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.