11 сентябрь теракти режасининг муқобил вариантлари ҳам бўлгани айтилмоқда

11 сентябрь теракти режасининг муқобил вариантлари ҳам бўлгани айтилмоқда

2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркда уюштирилган терактнинг ташкилотчилари ҳужум қилишнинг муқобил вариантларини ҳам тайёрлаб қўйган, деди Россия ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Андрей Фёдоров НТВда эфирга чиқиб.

Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.

 Дипломатнинг таъкидлашича, бир куни у ушбу воқеалардан хабардор бўлган шахс билан учрашган. У “Ал-Қоида” гуруҳи ҳужумни бир йил аввал режалаштирган ва бир нечта сценарийни кўриб чиққанини айтиб берган.

"Аль-Қоида" томонидан ишлаб чиқилган терактни амалга оширишнинг биринчи варианти Нью-Йорк метросининг асосий йўналишларини бир вақтнинг ўзида портлатиш бўлган. Иккинчи вариант  — шаҳар марказида, Манхеттенда радиоактив материаллар жойлаштирилган портлатиш қурилмасидан фойдаланиш", — деди Фёдоров.

Унинг фикрича, агар иккинчи вариант амалга оширилганда Нью-Йорк иқтисодиёти кўп йилларга тўхтаб қоларди. Бироқ террорчилар ҳужум қилишдан бир неча ой аввал самолётлардан фойдаланиш  самарали вариант, дея хулосага келган.  

2001 йил 11 сентябрда террорчилар эгаллаб олган иккита йўловчи самолёт Нью-Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо маркази жойлашган осмонупар эгизак бинога келиб ўрилди ва бинони бутунлай вайрон қилди. Террорчилар бошқараётган яна бир самолёт Вашингтондаги АҚШ мудофаа вазирлиги биносига бориб урилди. Тўртинчи самолёт Питтсбург шаҳри яқинига қулаган.  

Расмий маълумотларга кўра, террорчилар ҳужуми натижасида Нью-Йоркда 2 минг 749 киши,  Вашингтонда  189 киши, Пенсильванияда  44 киши ҳалок бўлган.