1,1 триллион сўмлик 500 га яқин давлат активлари хусусийлаштирилди

1,1 триллион сўмлик 500 га яқин давлат активлари хусусийлаштирилди

Давлат активларини бошқариш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда “Демонопализация ва давлат мулкини хусусийлаштириш масалалари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъуллари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этди.  

Қайд этилганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва либераллаштиришнинг асосий устувор йўналишларидан бири давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусий мулк ролини янада мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга оширишдир.  

–– Ўтган 6 ой давомида 500 га яқин 1,1 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилди, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов. – Буни солиштириб кўрадиган бўлсак, сўнгги 4 йилда 3 мингга яқин объектлар 1,6 триллион сўмга хусусийлаштирилган. Яъни, 4 йилда қилинадиган ишни ҳозир 6-7 ойда бажардик. Бу борада жорий йил охиригача бўлган режамиз катта. Давлат бюджетига қўшимча даромад тушириш асосида яна 6 триллион сўм хусусийлаштириш вазифаси берилди. Бунда, бир неча йўналишларда ишни ташкиллаштиришни режалаштириб олдик. Биринчи йўналиш мавжуд хусусийлаштириш объектларини тезроқ сотувга чиқариш. Бу бўйича бевосита бизнинг агентлик, жойлардаги ҳокимликларга вазифалар белгиланди. Иккинчи йўналиш, турли вазирлик ва хўжалик йўналишида бўлган масофавий ва бугун зарар билан ишлаётган корхоналар ва кўчмас мулк объектларини бозорга таклиф этиш. Бу йўналишда ҳам дастлабки ишлар амалга оширилган. Яна битта йўналиш – давлат иштирокини қисқартириш бўйича келгуси йилдаги режаларимизни белгилаш. Бу соҳада дастлабки ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда ҳукумат қарори билан тугатилиши арафасида турган, қайта ташкил этиладиган корхоналар рўйхати шакллантирилди. Ушбу ишларни амалга оширадиган бўлсак, жорий йил охиригача давлат иштирокини 25 фоизгача қисқартириш имкони яратилади.  

Давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва амалда давлат активларини очиқ-ошкора ва самарали сотиш учун халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларни жалб этиш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан вазифалар белгиланган эди. Мазкур белгиланган вазифалар ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, 556 та давлат активи хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва жозибадорлигини оширган ҳолда хусусий секторга тўлиқлигича оммавий савдолар орқали сотилиши ҳамда агентлик томонидан 39 та корхонада корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этган ҳолда уларнинг операцион самарадорлигининг оширилиши белгиланган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йилда 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан 29 та йирик давлат активи, жумладан, “Қизил сув спорт соғломлаштириш” МЧЖ, “Белдирсой”, “Чорвақ”, “Сижжак” дам олиш масканлари, “Ичан қалъа” меҳмонхона мажмуаси, “Пойтахт” бизнес мажмуаси ва бошқа давлат активларини сотиш кўзда тутилган.

Фармонлар ижроси юзасидан бугунги кунда 541 та давлат улуши мавжуд корхонанинг 247 таси 2,3 триллион сўм қийматда савдога чиқарилиб, шундан 115 таси 611,2 миллиард сўмга сотилди. Шу билан бирга, “Соса-соlа ичимлиги” корхонаси, “Ўзагроэкспортбанк” ва “Пойтахт банк” тижорат банклари, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Кварц”, “Трест-12” корхоналари ва “Кафолат” суғурта компаниясининг давлат улушини сотиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги “2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини таслиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан “сот ёки тушунтир” тамойили амалиётга жорий этилади. Натижада давлат иштирокидаги корхоналар сони 2021 йилда 30 фоизга, 2023 йилда 65 фоизга ва 2025 йилда 75 фоизга қисқариши режалаштирилган.

Давра суҳбатида корпоратив бошқарув, давлат корхоналарини қайта ташкил этиш ва соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш, фикр алмашиш ва замонавий ёндашув ҳамда усуллар асосида агентлик фаолиятини ташкил этишнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича эксперт Кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунларини ишлаб чиқиш ҳамда аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар орқали давлат функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш асосида иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва самарали рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш таклифлари ўртага ташланди.