“1100 киши Мирзиёевга овоз бермоқчи эмас!”: Сурхондарё аҳолиси норози

“1100 киши Мирзиёевга овоз бермоқчи эмас!”: Сурхондарё аҳолиси норози

Ижтимоий тармоқда тарқалган “1100 киши Мирзиёевга овоз бермоқчи эмас!” - Президент борган маҳалла қувурини кесишга келган газчиларни ҳайдади” сарлавҳали видео-хабар юзасидан “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали расмий муносабат билдирди.

“Шеробод туманидаги “Боғиобод” ва “Бойқишлоқ” маҳаллалари Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 18 мартдаги 26-сон ҳамда туман ҳокимининг 2015 йил 8 июндаги 448-сон қарорларига асосан, табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлари рўйхатига киритилган бўлиб, ушбу маҳаллалар ҳудудидаги хонадонларга “Sherobodtumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан ижара шартномаси асосида маиший газ баллонлар тўлиқ ажратилган ҳамда суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган.

Ҳозирги вақтда, ушбу маҳаллалардаги хонадонлар туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган график бўйича туман газ таъминоти бўлими томонидан мунтазам суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда.

Бундан ташқари, табиий газ таъминоти танқис ҳудудлар рўйхатига киритилган жойлардаги қаровсиз ҳамда фойдаланишда бўлмаган газ қувурларини демонтаж қилиш орқали, улардан табиий газ етказиб беришда муаммоси мавжуд ҳудудлар таъминотини яхшилаш учун мақсадли фойдаланиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Руспубликаси Президентининг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар доирасида 2020 йил 1 декабргача Музработ тумани марказидаги 1400 та аҳоли хонадонлари, 2 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси ва туман марказий шифохонасини табиий газ билан таъминлаш мақсадида Шеробод тумани “Таллашқон” АГТСдан Музработ тумани марказигача 28 км узунликдаги газ қувурлари тортилган.

Юқоридаги келтирилган барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжат ва далолатномалар Филиал маъмуриятида мавжуд”, дейилади расмий муносабатда.