12 миллиард доллар: Россия ва Украина ўртасида “учинчи газ уруши”

12 миллиард доллар: Россия ва Украина ўртасида “учинчи газ уруши”

Россия газ захираларига ўта бой мамлакат. Ҳар йили миллиарлаб кубометр газ Россиядан “Кўҳна қитъа”га қараб “оқади”. Оқим йўлида жойлашган мамлакатлар ҳам “зангори олов”дан ўз ҳиссасини олишга интилади.

Владимир Путин бошчилигидаги Россия расмийлари Украина орқали газ транзитини давом эттириш учун "Газпром" ва "Нафтогаз Украини" ўзаро суд даъволарини бекор қилиши кераклигини таъкидламоқда. Воқеалар фонида “Нафтогаз” Стокголм арбитраж судига “Газпром”га қарши 12,2 млрд. $лик даъво аризасини топширди. Европада учинчи “газ уруши” хавфи туфайли омборлар тўлдирилмоқда.

Ўзи нима бўлган эди?

2019 йил 31 декабрда Россия газининг Украина ҳудуди орқали Европага транзити тўғрисидаги битим муддати тугайди. "Газпром" ва "Нафтогаз Украини" янги шартнома бўйича келиша олмаяптилар. Россия томони дастлаб “Нафтогаз” томонидан “Газпром”га нисбатан очилган барча даъво аризалари бекор қилиниши талаб қилмоқда. Украинлар эса қайтанга рус концернига нисбатан 22 млрд. $лик даъволар билан судга мурожаат қилди.

Зиддият

2017 йили Стокголм арбитраж суди “Нафтогаз” фойдасига 2.6 млрд. $ни ундириш тўғрисида қарор чиқарган эди, бироқ “Газпром” бу қарорни тан олмади. Яна 7 млрд. $ ни Украина монополияга қарши кураш қўмитаси талаб қилмоқда. "Нафтогаз"нинг янги даъвосидаги 12 миллиард долларлик даъволар Россия томонининг 2018 йил 13 мартдан 2019 йил охиригача бўлган давр учун мавжуд контракт учун транзит тарифини қайта кўриб чиқиш талабларидан келиб чиққан ҳолда киритилди.

Бўлиши мумкин

Fitch Ratings корпорацияси департаменти катта директори Дмитрий Маринченкога кўра, "Нафтогаз"нинг янги даъвоси унинг савдо позитсиясини мустаҳкамлашга бўлган уринишдир. Аммо экспертлар ушбу ўйинларнинг муваффақиятли чиқишига ишонишмаяпти ва музокараларда қатъиятли позицияни олишни таклиф қилмоқдалар. Агар музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Украинанинг ўзи ҳам Россия газисиз қолиши мумкин.

Воқеалар ривожи

Россия газини Украина ҳудуди орқали Европага етказиб бериш тўғрисидаги битим амал қилиш муддати тугашига икки ой вақт қолди. Москва, Киев ва Еврокомиссия уч томонлама йиғилишларда янги келишувни муҳокама қилишмоқда. Шу ойнинг охирида келишувларнинг навбатдаги босқичи бўлиши кутилмоқда.

Агар воқеалар шу зайлда ривожланишда давом этса, бу ҳаммага ёмон бўлади. Европаликлар ҳалитдан ер ости газ омборлари (ундергроунд гас сторагес)ни тўлдириб олишмоқда. 11 ноябргача уларнинг 97,87 %и тўлади. Москва учун Украина муқобиллари мавжуд: Болтиқ денгизидан ўтадиган “Шимолий оқим -2 ” ҳамда Қора денгиздан ўтиши мўлжалланган “Турк оқими” йўналишларидир. Бироқ, “Турк оқими” тўла ишга тушгунича руслар ҳеч бўлмаса бир йил Украинанинг “қовоғига қарайди”. Украина газ транзитидан йилига 3 млрд. $ даромад кўради. “Гадойнинг аразлаши тўрвасига ҳам жиддий зарар етказади”.

Охирги ўн йилликларда бўлган “газ урушлари” Россияни ишончли етказиб берувчи сифатида, Украинани эса транзит мамлакат сифатида имиджига салбий таъсир кўрсатган эди. Европада 2006 ва 2009 йиллардаги газ билан боғлиқ воқеаларни ҳалигача унутишмаган.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.