16 816 одамни "ухлатган" "Авто 60 ой" МЧЖ раҳбари ва масъулларига якуний суд ҳукми ўқилди

16 816 одамни

Бугун, 29 март куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида судланувчилар Ж. Баходиров (1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, “Avto oltmish oy” МЧЖ раҳбари), О. Мирзаев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган), Э. Қурбонов (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган), М. Гульмирзаева (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, “Avto oltmish oy” МЧЖ бош ҳисобчиси), М. Хакимова (1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган, “Avto oltmish oy” МЧЖ маслаҳатчиси)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг иш юритувига 2020 йил 10 июль куни келиб тушган бўлиб, иш бўйича тўлиқ суд тергови ўтказилиб, жиноят иши бўйича ишни кўриш муддати 2020 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳар суди раиси томонидан 4 ойгача, 2020 йил 27 ноябрь куни Олий суд раисининг ўринбосари томонидан 5 ойгача, 2020 йил 25 декабрь куни Олий суд раиси томонидан 6 ойгача узайтирилган.

Суднинг иш юритувига Ж.Баходиров ва бошқалар томонидан 1.128 та фуқароларнинг пулларини эгаллаш ҳолати билан боғлиқ янги жиноят иши келиб тушган ва суднинг 2021 йил 11 январь кунидаги ажримига асосан жиноят ишлари бирлаштирилган.

Жабрланувчиларнинг сони кўплигини инобатга олиниб судлар барча вилоятларда ўтказилиши бошланиб, 2020 йил 14-19 сентябрь кунлари Андижон, 21-26 сентябрь кунлари Фарғона, 28 сентябрь 3 октябрь кунлари Наманган, 8-10 октябрь кунлари Сирдарё, 12-15 октябрь кунлари Жиззах, 19-24 октябрь  кунлари Самарқанд, 26-28 октябрь Навоий, 29-31 октябрь кунлари Бухоро, 2-4 ноябрь кунлари Қашқадарё, 5-7 ноябрь кунлари Сурхондарё, 11-14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, 16-20 ноябрь Хоразм вилоятларида ўтказилиб, жиноят ишлари бирлаштирилгач суд биносида давом эттирилиб, жами 9300 нафар жабрланувчилар ва гувоҳлар сўроқ қилинган.

Жиноят иши бўйича 2021 йил 3 март куни суд алоҳида хонага кирган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Дилмурод ВАЛИЕВ томонидан кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра,

Ж. Баходиров Жиноят кодекси (ЖК) 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

О. Мирзаев ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Э. Қурбонов ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари ва 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

М. Гульмирзаева ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари, 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари, 228-моддаси 2-қисмининг “б” банди ва 228-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. 

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йилга озодликни чеклаш тайинланди.

ЖКнинг 62-моддаси тартибида, унинг 2019 йилнинг 7 ноябрдан 20 ноябрга қадар дастлабки қамоқда сақланган 14 ун муддатини озодликдан чеклашнинг бир кунига тенглаштириб ҳисобга олган ҳолда ўташ учун узил-кесил тўрт 4 йил ўн бир 11 ой ўн олти (16) кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

М. Хакимова ЖК 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлариь ва 1881-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.

Жиноят иши бўйича 17.067 нафар шахсга нисбатан 54.000.000.000 сўм зарар ҳисобланиб айб эълон қилинган. Суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра, 16.816 нафар шахс жабрланувчиларга жами 44.774.510.348 сўм моддий зарар етказилган бўлиб, дастлабки терговда 26.229.605.814 сўм депозит ҳисоб рақамига тўланган ва суд мажлиси давомида автомашина олган фуқаролар томонидан 1.965.678.400 сўм судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар бўлими депозит хисоб рақамига топширилган.

Бундан ташқари, "Авто 60 ой" МЧЖнинг ҳисоб рақамига фуқаролар томонидан 486.087.029 сўм тўланган.

"Авто 60 ой" МЧЖ бош офиси, Фарғона вилоятида жойлашган офисидан, Самарқанд вилоятида жойлашган офисидан олиниб хатланган мол-мулклар жабирланувчиларга етказилган зарарни қоплашга пропорционал тартибда тақсимланиши белгиланган.

Суд мажлиси ва дастлабки терговда автомашинанинг пулини 100 фоиз тўлаган 66 нафар фуқароларнинг автомашиналарига қўйилган таъқиқ ечилиши белгиланди.

75 та автомашинанинг пулларини тўламаган 75 нафар фуқародан бўлса, қолган бош тўловларини чегириб ташлаш йўли билан қолган пулларини ундирилиши белгиланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳамда судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ва муддати тушунтирилди.