«16 февраль воқеалари»да айбланган 5 нафар шахс иши янгидан кўрилади

«16 февраль воқеалари»да айбланган 5 нафар шахс иши янгидан кўрилади

Бугун, 11 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида уларга оид жиноят иши Тошкент вилоят прокуратураси томонидан келтирилган протест асосида кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 1999 йил 30 июндаги ҳукмига кўра Ё. Камалов (1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати «Ғишт кўприк» божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган), М. Ходжаев (1973 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати «Ғишт кўприк» божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган), И. Юнусов (1970 йилда Тошкент вилоятида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати «Ғишт кўприк» божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган), Б. Бегматов (1974 йилда Тошкент вилоятида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати «Ғишт кўприк» божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган) ва И. Буриев (1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган) га Жиноят кодексининг 208-моддаси билан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, улар 1999 йил 30 апрелдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 24 июлдаги ажрими билан судланувчиларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, жиноят ишининг уларга оид қисми ҳаракатдан тугатилган.

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан келтирилган протестда Ё. Камалов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 24 июлдаги ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгидан шу инстанция судида кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Судлов ҳайъати ушбу жиноят ишидаги ҳужжатларни таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг ажримини бекор қилишни ва ишни янгитдан кўриш учун шу инстанция судига юборишни, протестни қисман қаноатлантиришни лозим топди.

Жиноят-процессуал кодексининг 348-1-моддаси (йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш) да йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш прокурорнинг қарорига кўра, жиноят иши ёхуд унинг материаллари судда йўқолган тақдирда эса ижро этиш учун прокурорга юбориладиган суд ажримига кўра йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш жиноят иши ҳужжатларининг ушбу Кодексда белгиланган тартибда далиллар деб топилиши мумкин бўлган сақлаб қолинган кўчирма нусхалари бўйича ва процессуал ҳаракатларни бажариш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Бундай ҳолатда, Ё. Камолов ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят ишини Тошкент вилоят судида кўриб чиққанлик ҳолатини қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Шу сабабли, кассация инстанцияси суди Ё. Камалов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 24 июлдаги ажримини бекор қилиб, ишни янгитдан шу инстанция судида кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблади.

Ишни янгитдан апелляция инстанциясида кўришда қайд этилган ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда қонуний ва асосли қарор қабул қилиниши лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2021 йил 11 ноябрдаги ажрими билан Ё. Камалов, М. Ходжаев, И. Юнусов, Б. Бегматов ва И. Буриевга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 24 июлдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан шу инстанция судида кўриб чиқиш учун юборилиши белгиланди. Тошкент вилояти прокуратурасининг протести қисман қаноатлантирилди.