19 ёшли қизнинг иш жойида зўрлангани ҳолати бўйича прокуратура маълумот берди

19 ёшли қизнинг иш жойида зўрлангани ҳолати бўйича прокуратура маълумот берди

Самарқанд вилоятидаги корхоналарининг бирида ишлаган 19 ёшли қиз тунги навбатчилик вақтида зўрлангани айтилганди. Кейинчалик ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва гумондор қамоққа олинди. Вилоят прокурори ушбу жиноят ишини шахсий назоратига олгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, М.Б.нинг Ф.А. ўзининг Spark автомашинасида унинг қўлларини боғлаб, мажбурлаб номусига теккани тўғрисидаги мурожаати юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра 12 июнь куни жиноят иши қўзғатилган.

23 июнь куни вилоят прокурори Равшан Машарипов ва сенатор Фармон Тошев бошчилигида вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарларининг соҳавий ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари, ИИБ терговчилари, жабрланувчи, айбланувчи, уларнинг вакиллари ва ҳимоячилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида вилоят прокурори жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари малакали ўтказилмаганини, муқаддам шунга ўхшаш ҳолатларда йўл қўйилган камчиликлар ҳали ҳам такрорланиб келаётганини, айбдор аниқ бўлса-да, ҳолат ижтимоий тармоқларда ёритилгандан сўнг айбланувчига нисбатан 21 июнь куни эҳтиёт чораси танланганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, вилоят прокурори томонидан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини давом эттириш прокуратура органлари терговчиларига топширилиб, шаҳар ИИБ ходимларининг ҳаракатлари бўйича ички ишлар вазири номига хизмат текшируви тайинланди ва иш прокурорнинг шахсий назоратига олинган.