20 апрелдан барча тадбиркорлар стикерсиз юришига рухсат бериладими?

20 апрелдан барча тадбиркорлар стикерсиз юришига рухсат бериладими?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

— Тошкентда яқин кунларда (20 апрелдан) барча тадбиркорларга автомобилда стикерсиз юришга рухсат берилади, деган миш-мишлар юрибди. Бу ростми?

— Ҳозирги вақтда бу масалада ҳеч қандай махсус ҳужжат йўқ. Ўзгаришлар бўлса, албатта хабар берамиз.

— Иссиқхонамда пишган маҳсулотларни шахсий машинамда бозорга олиб борсам бўладими?

— Махсус комиссиянинг 2020 йил 11 апрелдаги 18-сон Баёнига кўра, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорга ёки озиқ-овқат дўконларига М1 ёки М2 тоифадаги шахсий транспорт воситангизда олиб боришингиз мумкин.

— Сурункали касаллиги бор беморлар шифокор йўлланмаси билан шахсий машинасида касалхонага бориши мумкинми?

— Ҳақиқатан сурункали касаллик ва шифокорнинг тегишли йўлланмаси ёки маълумотномаси мавжуд бўлса, шахсий транспорт ёки бошқа транспортдан фойдаланиш мумкин.

— Онам онкология шифохонасида. Доктор деярли ҳар 2-3 кунда дорилар ёзиб беради. Бу дориларни олиб келиш учун мен 8 км масофани пиёда босиб ўтяпман. Шу дориларни олиб боришим учун шахсий транспортдан фойдалансам бўладими?

— Мазкур ҳолатда, ҳақиқатан ҳам онангиз тиббиёт масканида даволанаётгани тўғрисидаги маълумотнома ва тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилган дори-дармонлар учун йўлланма (рецепт) мавжуд бўлган тақдирда, сиз шахсий автотранспортингиздан фойдаланишингизга йўл қўйилади.

Мазкур саволга ўхшаш мазмундаги бошқа саволлар ҳам борлиги учун фуқароларимизга шуни маълум қиламизки:

- бундай ҳолатларда касаллик ҳақидаги тиббиёт ходимининг тегишли маълумотномаси ва дори-дармон олиш учун йўлланмаси асосида, фуқароларга ўзларига тегишли автотранспорт воситаларида тиббиёт муассасаларига бориб-келишларига йўл қўйилади.