2020 йилда Ўзбекистон аҳолисига қанча электр энергияси етказиб берилгани маълум

2020 йилда Ўзбекистон аҳолисига қанча электр энергияси етказиб берилгани маълум

Ўзбекистонда 2020 йилда мамлакат бўйлаб 69 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергияси истеъмол қилинган. Бу ҳақида АОКАда ўтган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими Обиджон Дилмуродов маълум қилди.

Таъкидланишича, 2020 йил декабр ойида аҳоли истеъмолчиларга 1 миллиард 740 миллион  киловатт соат электр энергияси етказиб берилган. ушбу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 11 фоиз ўсиш билан қайд этилган. 2020 йилда мамлакат бўйлаб электр энергияси истеъмоли 69 миллиард 100 миллион киловатт соатни ташкил қилиб, бу 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 6,1 фоизга ва 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 20,1 фоизга кўп.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда мамлакат электр станцияларида 66 миллиард 400 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқилган бўлиб, бу 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга кўпни ташкил қилади ва 2016 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўп.

Мамлакатда қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш инвестиция лойиҳалари ҳисобига амалга оширилмоқда. Инвестиция дастурида кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига давлат кафолати асосидаги маблағлар ҳисобидан 3,7 гигаватт.дан ортиқ қувватлар ишга туширилган.

Инвестиция дастурида кўзда тутилган лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш ҳисобидан Ўзбекистонда ҳар йили 2016 йилга нисбатан 21 миллиард киловатт соатга кўп электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, амалдаги электр станцияларини модернизация қилиш ва янгиларини қуришда қўлланилаётган энергия тежамкор технологиялар 1 киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ёқилғи ҳаражатларини 1 фоизга тушириш имконини бермоқда. Натижада электр энергиясини ишлаб чиқаришда ўртача 2 миллиард куб метр табиий газ иқтисод қилинади.