2021 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар доирасида 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади

2021 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа  дастурлар доирасида 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади

Бугунги ислоҳотлар муваффақиятли кўп жиҳатдан ҳар бир туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллада жамоатчилик, яъни, халқ назоратининг қай даражада йўлга қўйилганига ҳам боғлиқ.
Жумладан, 2021 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа  дастурлар доирасида 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Бу борадаги вазифаларнинг сўзсиз рўёбга чиқарилишида таъсирчан назоратнинг аҳамияти катта.
Шу боис, ушбу дастурлар доирасидаги ишларнинг барча босқичларини онлайн кузатиб бориш имконини берувчи электрон дастур ишга туширилди.

Дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида махсус телеграм-бот (@obod_mahalla_dasturi_bot) дастури ҳам ишлаб чиқилди.

Агар Сиз яшаётган ҳудудда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилаётган бино-иншоотларда камчиликларни пайқасангиз, қурилиш ишларининг сифатсиз олиб борилаётгани ёки тўхтаб қолганининг гувоҳи бўлсангиз, асл ҳолатни суратга олинг ва махсус телеграмм-ботга жойлаштиринг!

Бунинг учун мавжуд камчиликни суратга оласиз ва махсус телеграмм-ботга кириб, объект жойлашган ҳудудни белгилаб, “Юбориш” тугмасини босасиз.  
Электрон дастур “Ишчи гуруҳ”ни автоматик тарзда қизил белги билан келиб тушган мурожаат ҳақида хабардор қилади.

Сўнгра “Ишчи гуруҳ” томонидан мавжуд салбий ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилади.  
Унутманг, барча фуқаролар қурилиш ишлари билан танишиб, камчиликлар тўғрисида ўз мурожаатини  юбориш имконига эга. Ўз уйи, маҳалласига бефарқ бўлмаган азиз ватандошлар, жамоатчилик назоратида фаол иштирок этинг! Дастурларнинг самарали, сифатли ва ўз вақтида бажарилишига ҳисса қўшинг! 


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси