2021 йилда прокурорлар томонидан 292.585 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

2021 йилда прокурорлар томонидан 292.585 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

Қонунийликни мустаҳкамлаш йўналишида прокуратура органлари томонидан 2021 йил давомида қуйидаги ишлар амалга оширилган:

– 354.219 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;

– 48.777 та қонунга зид ҳужжатларга протест келтирилди, қонунбузилиши сабабларини бартараф этиш борасида тегишли идораларга 20.779 та тақдимнома киритилди;

– 292 млрд. сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 43 мингдан ортиқ аризалар киритилди;

– 292.585 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокуратура идоралари томонидан 269 мингдан ортиқ мурожаатлар ҳал этилиб, 312 мингдан зиёд фуқароларнинг қабули (шу жумладан ҳудудларга чиққан ҳолда) таъминланди.

Прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни амалга оширишда қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан

12.275 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шундан 10.990 нафар шахсга нисбатан 6.656 та жиноят иши судга юборилган.

Ҳар бир ҳудудда жиноятчилик ҳолати ва кўрилган чоралар чуқур таҳлил қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 531 та мувофиқлаштирувчи кенгашлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилинди ва аниқ чора - тадбирлар белгиланиб, ижрога қаратилди.

Жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан 27.684 та тарғибот тадбирлари, шу жумладан 5.903 марта оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар амалга оширилди.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш мақсадида:

– суриштирув ва тергов органларининг 67.432 нафар шахсга  нисбатан 53.706 та жиноят иши ўрганилиб, тегишли судларга юборилди;

– қонунга зид бўлган 24.888 та процессуал қарорлар бекор қилинди;

– зарур процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳақида 59.327 та ёзма кўрсатмалар берилди.

Судларда прокурорнинг иштирокини таъминлашда асосий эътибор судьялар мустақиллигига қатъий риоя этилишини таъминлаш, суд ишларига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, ўзаро тортишув тамойили асосида одил судловнинг амалга оширилишига кўмаклашишга қаратилди.

Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатларини таъминлаш мақсадида:

– 47.755 та жиноят, 9.899 та фуқаролик, 3.387 та иқтисодий ҳамда 11.850 та маъмурий ишларнинг судларда кўрилишида прокурор иштироки таъминланди;

– прокурорлар протести асосида жиноят ишлари бўйича судларнинг 2.144 нафар шахсга нисбатан қарорлари, шунингдек фуқаролик судларининг 268 та, иқтисодий судларнинг 134 та ва маъмурий судларнинг 556 та қарорлари қонунга мувофиқлаштирилди;

– прокурорлар ташаббуси билан 124 нафар шахс оқланди;

– ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленуми қарорларига 77 та таклиф киритилди.

Прокуратура органлари томонидан 2021 йилда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига оид қонунчилик ижроси устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Бу жараёнда асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиғини сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланишига доир қонунчилик ижросига қаратилди.

Мазкур соҳадаги назорат тадбирлари давомида:

– 26 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;

– қонунбузилиши сабабларини бартараф этиш борасида 3.900 дан ортиқ тақдимномалар юборилди;

– судларга қарийб 14 млрд. сўмни ундириш борасида 35 мингдан зиёд аризалар киритилди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирларида:

– 885 нафар мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди;

– 619 та ноқонуний ҳужжатларга протест келтирилди;

– 14.749 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурорлар томонидан 29 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг фаолиятини юритишда, шу жумладан кредит, ер майдони, бино ажратилишида, лицензия ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштирилишида, мухандислик тармоқларига уланилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида 16.871 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 6.804 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди.

Вояга етмаганларнинг назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, уларни ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш мақсадида:

– 12.170 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган;

– 18.803 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;

– 115.678 нафар вояга етмаганларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди;

– 13.654 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.

2021 йилда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларининг сўзсиз бажарилиши устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Мурожаатларнинг муддатида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини ҳамда қонунбузилишига йўл қўйган айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлашга қаратилган назорат тадбирларини тизимли равишда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича:

– ноқонуний ҳужжатларга 1.292 та протест келтирилди, қонун бузилишларини бартараф этиш ҳақида 413 та тақдимнома, 75 млрд. сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 820 та ариза киритилди;

– 1.106 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 413 та жиноят иши қўзғатилди.

Бевосита прокуратура органлари томонидан 269.916 та мурожаатлар ҳал этилди. Фуқароларнинг қабулига, шу жумладан, уларни бевосита прокурорлар томонидан жойларда қабул қилинишига жиддий эътибор қаратилиб, 312.625 нафар фуқароларнинг қабули таъминланди.

Қонунийликни мустаҳкамлаш, ошкораликни таъминлаш, қонунлар мазмунини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида прокуратура органлари томонидан 136.338 та, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида 40.230 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бош прокуратуранинг расмий веб – сайти ва расмий саҳифаларида кенг жамоатчилик учун қизиқарли бўлган маълумотлар, тезкор хабарлар, юқори резонансга сабаб бўлган воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги ахборотлар эълон қилиниб борилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил

16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги

Фармонига асосан, маълумотлар очиқ маълумотлар порталига ва Бош прокуратуранинг расмий веб-сайтига жойлаштириб келинмоқда.

       Прокуратура органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида шу жумладан, интернет тармоқларида чиқаётган танқидий мақолалар доимий  равишда  ўрганиб  борилмоқда.

       2021 йилда прокуратура органлари томонидан ўтказилган мониторингда жами 713 та танқидий мақола аниқланиб, улар  юзасидан  тегишли  чоралар  кўрилган.

       Шу билан бирга, ўтган даврда прокуратура органлари аралашуви талаб  этиладиган танқидий материаллар сони 283 тани  ташкил  этган.

       Ушбу танқидий материаллар прокуратура органлари томонидан белгиланган  тартибда  кўриб  чиқилиб,  тегишли  баёнотлар  берилган.

      Танқидий материаллар бўйича 7 та тақдимнома, 23 та интизомий,

24 та маъмурий ва қўпол қонун бузилиш ҳолати бўйича 16 та жиноят иши қўзғатилиб, 70 та фуқаронинг  ҳуқуқлари  тикланган. 

Ҳар қандай давлатда ривожланган журналистика, кучли жамоатчилик назорати тараққиёт ва қонун устуворлиги таъминланишининг гарови саналади. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам ижтимоий фаол юртдошларимиз саъй-ҳаракатлари ўлароқ аксарият қонунбузилиши, хаттоки жиноятлар ҳам аниқланиб, фош этилмоқда.

Мисол учун “Kun.uz” сайтида XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзмалари Миллий университет кутубхонасидан йўқолганлиги ҳақида чиқарилган хабар Бош прокуратура томонидан ўрганилди.

Ўрганишда университетнинг Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII - XIX асрларга оид қиймати 2,6 млрд. сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон - торож қилинганлиги ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.