2021 йилнинг олти ойида қанча мансабдор шахсга тегишли чоралар кўрилгани маълум қилинди

2021 йилнинг олти ойида қанча мансабдор шахсга тегишли чоралар кўрилгани маълум қилинди

«Бизнес билан бевосита мулоқот — ишлабилармонлик муҳитини яхшилашнинг энг самарали воситаси» мавзусида 30 июль, жума куни ўтказилган матбуот анжуманида бизнес-омбудсман ва бош вазир қабулхонаси расмийлари 2021 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлар мурожаати асосида, қанча масъул шахсга чора кўрилгани тўғрисида сўз юритди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

«Биласизлар, биз фақат тадбиркорлар ва давлат ўртасида муносабатдамиз, давлат органларига нисбатан чора кўрамиз. Бизга келиб тушган мурожаатларнинг ҳар бирини, албатта, индивидуал тарзда ўрганиб чиқамиз.

Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 312 та таъсир чора қўллаганмиз. 900 нафарга яқин давлат органи ходимини маъмурий жавобгарликка тортганмиз. Уларнинг ичида ҳоким ўринбосарлари ҳам, раҳбарлар ҳам бор. Шу билан бирга, 225 нафар мансабдор шахсни интизомий жавобгарликка тортиб, 467 та давлат органлари қарорларини ноқонуний деб топганмиз. Судларга тадбиркорлар манфаати йўлида 19 миллиард сўмлик даъво аризалари киритганмиз», — деди бизнес-омбудсман директори Дилмурод Қосимов.

Ўзбекистон бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Абудамалик Алламуродовнинг қайд этишича, жорий йилнинг олти ойида 547 нафар масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

«Президентнинг 2019 йил 14 майдаги фармони билан ҳар бир ҳудудда бош вазир қабулхоналари ташкил этилган. Биргина жорий йилнинг олти ойида 40 минг 636 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 23 минг 715 таси ёки 59,6 фоизи шаҳар, туман миқёсида, 13 минг 206 таси вилоят даражасида, 2 минг 857 таси Республика даражасида кўриб чиқилган.

Бош вазир қабулхоналари орқали шу йилнинг биринчи ярмида 547 нафар масъулга нисбатан тегишли чора-тадбир кўрилди. Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 105 нафар, банк муассасаларининг 325 нафар, ташкилот ва идораларнинг 117 нафарига чоралар кўрилган. Шундан, 359 нафарига ҳайфсан берилган, 106 нафарига жарима интизомий чораси қўлланилган, 64 нафари лавозимидан озод этилган, 18 нафар масъул мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган», — деди Алламуродов.