2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади

2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади

Ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2022 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва Бюджетномада киритилди, деб хабар бермоқда депутат Дониёр Ғаниев.

Ҳужжатга кўра, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади.

Бундан ташқари, депутатнинг ёзишича, унинг Молия вазирлигидаги манбалари «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилиши кутилаётганини маълум қилган. Унга мувофиқ, автомобиль олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъий назар БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланади. Амалда БҲМнинг 2 баробаридан 10 бараваригача (540 минг сўмдан — 2,7 млн сўмгача) миқдорда белгиланган.

Демак, «2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунни қабул қилиниши ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгртириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камаяди, деб ёзмоқда депутат.

Амалдаги тартибга асосан от кучи 105 бўлган ва ишлаб чиқарилган санаси 3 йилдан кўп бўлмаган Nexia автомобилини олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ўртача 5млн 535 минг сўм харажат талаб қилинаётган бўлса, қонунчиликка юқоридаги ўзгартиришлар киритилгандан сўнг (2022 йилдан) бу харажатлар тахминан 4 млн сўмга камайиб, 1,6 млн сўм атрофида бўлади.