2022 йилда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланади — Энергетика вазирлиги

2022 йилда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланади — Энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда 2022 йилда умумий қуввати 3600 МВт бўлган 10 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш бўйича битимлар имзоланади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, ўтган 3 йил ичида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланган. 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган.

Шу билан бирга, 2022 йил I чорагида Самарқанд вилояти Нуробод туманида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш режалаштирилган.

Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станциясини ҳамда Қорақалпоғистонда умумий қуввати 1700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2023 йилда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1097 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станцияси ва Қорақалпоғистон, Бухоро (Ғиждувон ва Пешку) ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1600 МВт бўлган 4 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқаришни бошлайди.