2,5 йилда 50 та МТТни таъмирлашда бюджет маблағлари талон-торож қилинган

2,5 йилда 50 та МТТни таъмирлашда бюджет маблағлари талон-торож қилинган

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари иштирок этган мажлисда ўтган давр мобайнида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та муҳим ҳужжати – фармон ва қарори, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди.

Мажлисда вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг ижро интизоми бўйича шахсий масъулиятини ошириш, Миллий кенгаш мажлиси баённомасида белгиланган вазифаларни тўлиқ адо этишлари юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, мактабгача таълим, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш, бандлик, транспорт соҳалари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари тизимида содир этилган коррупциявий жиноятлар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилди.

Шу билан бирга, мажлисда 2017-2020 йилларда Давлат дастурлари ижроси юзасидан мактабгача таълим ташкилотлари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларида бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2021 йилнинг I ярим йиллигида мактабгача таълим тизимининг қурилиш соҳасида 89 та ҳолатда молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. 2019-2020 йиллар ва 2021 йилнинг I ярмида 50 та МТТда амалга оширилган капитал таъмирлаш ишларида бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Олий таълим тизимида ўтказилган ўрганишда 2 та олийгоҳда бухгалтерия хизматининг ходимлари томонидан маблағлар ноқонуний ўзлаштирилганлиги аниқланган.

Мажлисда молиявий интизомни кучайтириш ва бюджет даромадларини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Аниқланган коррупция ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш бўйича профилактик чоралар кўриш юзасидан халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, транспорт, энергетика вазирлари, шунингдек, Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимларининг ахборотлари эшитилди.

Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши тўғрисидаги низом ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тўғрисида намунавий низомлар, Миллий кенгашнинг 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.