"39 мингдан 75 минггача" - деҳқон бозорлардаги гўшт ва бошқа озиқ-овқат нархлари маълум бўлди

Давлат статистика қўмитаси 14 та ҳудудий бирликдаги 24 та ҳудудий-марказий деҳқон бозорларида, алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархларини ўрганди. Тегишли ҳисобот қўмита расмий сайтида чоп этилди.

Ўрганиш объекти сифатида 9 турдаги маҳсулотлар - мол гўшти, қўй гўшти, картошка, пиёз, сабзи, тухум, гуруч, ўсимлик ёғи ва шакар киритилган.

Статистика қўмитасига кўра, республика бозорларида сотилаётган мол гўшти нархи килограмига 40 минг сўмдан 65 минг сўмгача. 40 минг сўмлик гўшт Нукус ва Урганч бозорларида, 65 минг сўмлик гўшт эса пойтахтдаги Олой, Фарҳод, Миробод деҳқон бозорларида сотилмоқда.

Қўй гўшти эса 39 мингдан 75 минг сўмгача таклиф этилмоқда. Қўй гўштининг минимал ва максимал нархлари Тошкент шаҳридаги бозорларда қайд этилган - Миробод ва Олой бозорларида.

Шунингдек, картошка 1500 дан 6000 гача, пиёз 750-3000 сўм оралиғида, сабзи 1500 дан 5000 сўмгача, гуруч 5000-18000 сўм оралиғида сотилмоқда.

Манба: Давлат статистика қўмитаси 

Шакар нархи деярли барча бозорларда бир хил. Энг арзон шакар (5800 сўм/кг) Гулистон, Фарҳод, Миробод, Эски жўва, Қўйлиқ деҳқон бозорларида, энг қиммат шакар (7000 сўм/кг) эса Олой ва Миробод деҳқон бозорларида таклиф этилмоқда. Бошқа бозорларда эса 6000 - 6500 дан сотиляпти.