Тошкентда “Бессмертный полк” акциясини ўтказишга рухсат берилгани ростми?

Тошкентда “Бессмертный полк” акциясини ўтказишга рухсат берилгани ростми?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда жорий йил 9 май куни Тошкент шаҳрида “Бессмертный полк” акциясини ўтказишга рухсат берилгани ҳақидаги хабар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Хабарларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари М.Муҳитдинов пойтахтимизда “Бессмертный полк” акциясини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ва ЙҲХБга йўналтирган. Бироқ Интернетдаги хабарда ёзилганидек, мазкур мурожаатга «Принять к исполнению в установленном порядке» тарзида эмас, балки “Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин”, яъни “Рассмотреть в установленном порядке” дея имзо чекилган.

"Кўриниб турибдики, мутасадди раҳбарнинг топшириғини нотўғри таржима қилиш оқибатида англашилмовчилик юзага келган. Натижада кенг жамоатчиликка “мутасаддилар мазкур акцияни ўтказиш учун рухсат беришган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга қарши чиқмоқда” деган мазмунда асоссиз хабар тарқатилган.

Маълумот учун "Бессмертный полк" акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан бугунги пандемия шароитида мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берилмаган.

Маълумки, кейинги вақтларда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ вазият тобора мураккаблашмоқда. Шу боис аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликнинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида қўшимча чекловлар жорий қилинмоқда.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан жорий йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизда турли оммавий тадбирлар, хусусан, концерт дастурлари, байрам томошалари ва оммавий юришларни ўтказиш вақтинчалик тўхтатилган.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бу йил мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларни карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, ихчам шаклларда ўтказиш чоралари белгиланган.

Бундай чекловлар юзлаб одамлар иштирок этиши кўзда тутилган “Бессмертный полк” оммавий тадбирига ҳам дахлдор эканини унутмаслик лозим. Зотан, бугунги мураккаб эпидемиологик вазиятда фуқароларимизнинг саломатлигини ҳимоя қилиш барчамизнинг энг муҳим вазифамиз ҳисобланади", дейилади хабарда.