Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди

Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди

1 июль куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Ж. Блинкен Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда давлат котиби АҚШнинг Ўзбекистон билан стратегик шериклигини чуқурлаштириш истагини билдирган ва бу йил икки мамлакат дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги нишонланишини таъкидлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасидаги муносабатларни яхшилаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланиб, икки мамлакатнинг C5+1 минтақавий дипломатик платформаси орқали фаол ҳамкорлиги таъкидлаб ўтилган.

Котиб ташқи ишлар вазирига Ўзбекистоннинг Афғонистонда адолатли ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишини доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг минтақавий алоқалари, шу жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё бўйлаб фаровонлик ва равнақни қўллаб-қувватловчи йўллар орқали Афғонистон билан яқинроқ сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка эътиборини олқишлаган.