Абдулазиз Комилов «Толибон» нима хоҳлаётганини маълум қилди

Абдулазиз Комилов «Толибон» нима хоҳлаётганини маълум қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов америкалик телебошловчи Деннис Уоли билан This Is America TV телелойиҳаси доирасида бўлиб ўтган интервьюсида Афғонистон инқирози ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашиб, ушбу мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган бошқарув шакли, «Толибон» ҳаракатининг мақсадлари ҳақида гапирди, шунингдек, Ўзбекистоннинг оптимистик кайфиятини ва нима учун шахсан ўзи «Толибон»ни террористик ташкилот деб ҳисобламаслигини тушунтириб берди.

Ташқи ишлар вазири Афғонистон инқирозининг асосий масалалари бўйича Ўзбекистоннинг позициялари тўғрисида тўхталди.

«Биринчидан, биз афғон инқирозининг ҳарбий ечими йўқлигини англаб етишимиз керак. Иккинчидан, Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг интеграциялашган қисмига айланиши жуда муҳим. Ягона умумий минтақа. Учинчидан, Афғонистонда тинчлик жараёнига ўтишнинг ягона минтақавий ва халқаро ечими бўлиши зарур. Мана, нима учун биз Доҳа, Туркия ёки бошқа жойлардаги музокараларнинг барча форматларини қўллаб-қувватлаймиз», — деди у.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон «Толибон» етакчилари билан тўғридан-тўғри алоқани ўрнатган биринчи мамлакат бўлганини эслатиб ўтди.

«Очиқ айтганда, ўша вақтда ‘Толибон’ни тан олганимиз учун бизни танқид қилишди. Бу — реал мухолифат. Масала Афғонистонда сиёсий тизимнинг қандай бўлишида. Албатта, биз Афғонистонда 1990 йиллардаги Афғонистон Ислом Амирлиги бўлишини қабул қила олмаймиз. Бироқ, айни вақтда, ушбу муаммо амалдаги ҳукумат ва ҳарбий мухолифат — ‘Толибон’ ва бошқалар ўртасида ўзаро компромис асосида ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади у.

«Бу нимани англатади? Бу, албатта, у ерда жиддий ислом қоидалари аломатлари бўлиши кераклигини англатади. Албатта, ислом давлати бўлади, чунки аксарият аҳоли — мусулмонлар. Бироқ, айни вақтда, биз сўнгги 9 йил давомида эришилган демократик ютуқларни ҳам инкор қила олмаймиз. Масалан, амалдаги ҳукумат сайловлари, ҳарбий кучлар, хавфсизлик кучлари, аёллар ва қизлар ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва бошқалар. Шу билан бирга, биз ислом қадриятларини ҳам ҳурмат қилишимиз керак».

«Толибон» нима хоҳламоқда?

Бошловчи Деннис Уоли «Толибон» бунга эришганини таъкидлаб, рақиблар эндиликда қолмаган экан, ҳаракат келгусида ким билан курашмоқчи эканини сўради.

«Рақиблар йўқ, бироқ айни пайтда Афғонистондаги можаро — у ерда фуқаролар уруши бўлган. Фуқаролар уруши. Улар нафақат АҚШ ҳарбийлари ёки НАТОга қарши курашган, балки фуқаролар уруши бўлган ва жамият иккига бўлинган. Ҳа, (улар ўзаро жанг қилишади)», — деб тан олди у.

Абдулазиз Комилов афғон жамиятининг бошқа вакилларини «рақиблар» деб аташни истамаслигини таъкидлади.

«У ерда афғон жамиятининг жуда кўп турли қисмлари мавжуд бўлиб, улар ушбу жараёнда фаол иштирок этмадилар. Масалан, айрим сиёсий партиялар раҳбарлари, анъанавий етакчилар, диний раҳбарлар, баъзи ҳудудларнинг раҳбарлари ва бошқалар. Ва шунинг учун бу жараёнда ‘Толибон’дан ташқари, улар ҳам иштирок этишлари керак», — деб ҳисоблайди ТИВ раҳбари.

Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳарбий мухолифат ва ҳукумат ўртасида келишувга эришиш жуда осон бўлади, деган хаёлларга бораётгани йўқ.

«Аммо, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият уларга ёрдам бериши, ҳар икки томоннинг келишувга эришишига ёрдам бериши керак. Биз Афғонистондаги вазиятнинг жиддийлигини эътиборсиз қолдиролмаймиз. Албатта, биз Афғонистонда миллий ярашувга эришишни талаб қиламиз», — деди у.

Абдулазиз Комилов «Толибон» ҳимоячиси бўлишини хоҳламаслигини таъкидлади, бироқ Афғонистон Ислом Амирлиги сайтида «Толибон» хоҳлаётган мамлакат тури ҳақидаги мақола ҳақида тўхталиб ўтди.

«Жуда қизиқарли мақола. Улар ташқи аралашувисиз мустақил ва суверен мамлакатни исташларини айтмоқдалар. ‘Биз ўз ҳудудимизни хорижий ҳарбий кучлар томонидан босиб олинишини истамаймиз. Биз аёллар, қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини кафолатламоқчимиз. Аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлашлари мумкин. Биз қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатмоқчимиз’ ва ҳоказо», — дея санаб ўтди у.