Аброр Мухтор Алий Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил қилинган бўлимдаги лавозимга тайинланди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган «Қуръон тажвидини ўргатиш» бўлими мудири ўринбосари сифатида тайинланган.
Қайд этилишича, Аброр Мухтор Алий Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори ҳисобланади. У Андижон вилоятидаги «Саййид Муҳйиддин Маҳдум» мадрасасидаги тайёрлов курсида таҳсил олиб, Наманган шаҳридаги «Мулла Қирғиз» (ҳозирги «Ҳидоя») ўрта-махсус диний таълим муассасасида ўқиган. Шундан сўнг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган.
Маълумот учун, Аброр Абдуазимов 2008 йил Республика қорилар мусобақасида иштирок этиб, «мужаввид қорилар» йўналиши бўйича 3-ўринни олган. 2008 йил Тошкент вилояти «Олимжон ота» жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2008–2009 йилларда Хоразм вилоятидаги «Фахриддин ар-Розий» ўрта-махсус диний таълим муассасаси ўқитувчи вазифасида хизмат қилган. 2009–2011 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг Олий журналистика курсларида магистрлик даражасини олган.