Адлия вазирлиги Гулнора Каримова иши бўйича муносабат билдирди

Адлия вазирлиги Гулнора Каримова иши бўйича муносабат билдирди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага Швейцария банкидаги музлатиб қўйилган 70 миллион долларлик активлари қайтариб берилиши тўғрисида хабар берилганди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдириб, айрим ОАВлар суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатаётганини маълум қилди.

Таъкидланишича, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларда суд қарорининг барча тафсилотлари ошкор этилмаган, бу эса ушбу иш бўйича ишончли маълумотларни кенг жамоатчиликка объектив етказишга тўсқинлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Швейцария Федерал прокуратураси Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий маблағларни легаллаштириш ва қалбакилаштириш бўйича кенг кўламли тергов бошлаган эди. Гап Ўзбекистон бозорига кириш ва тўсиқсиз ишлаш эвазига хорижий телекоммуникация компанияларидан ноқонуний йўл билан олинган йирик маблағларни легаллаштириш ҳақида кетмоқда.

Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан олиб борилган жиноий тергов ишлари доирасида Швейцария Федерал прокуратураси томонидан ушбу давлат банкларида жойлашган Takilant Ltd. компаниясига тегишли 350 миллион доллардан ортиқ маблағлар мусодара қилинган.

2021 йилнинг 22 декабрида эълон қилинган баёнотида Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг шерикларини ноқонуний маблағларни оғирлаштирувчи ҳолатларда легаллаштиришда айбдор деб тан олгани ва шу сабаб 293 миллион долларидан ортиқ маблағ мусодара қилингани ҳақида хабар берди.

«Бу Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун муҳим ғалаба ҳисобланади, чунки у маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун имконият очади», — дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, суд қарорига кўра 70 миллион доллар миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг Takilant Ltd. компаниясига қайтарилиши мумкин. Айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатишмоқда.

Қайд этилишича, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Хусусан, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан АҚШнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Гулнора Каримова ҳамда унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган.