Афғон учувчилари Ўзбекистондан АҚШ ҳарбий базасига олиб кетилади

Афғон учувчилари Ўзбекистондан АҚШ ҳарбий базасига олиб кетилади

АҚШ ва Ўзбекистон афғон учувчилари борасида келишувга эришди. Унга кўра Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари оилалари билан биргаликда Америка ҳарбий базасига кўчирилади. Бу хабарни Sputnik Ўзбекистон “The Wall Street Journal” газетасига таянган ҳолда тарқатди.

Таъкидланишича, гап “Толибон” ҳаракати ҳукумат тепасига келгандан кейин ўз яқинлари билан ҳарбий самолёт ва вертолётларда Ўзбекистонга қочган учувчилар ҳақида бормоқда. Толиблар уларни қайтаришга уринишганди, деб ёзади РИА Новости.

Нашр маълумотларига кўра, 585 нафар афғон учувчилари, экипаж аъзолари ва уларнинг яқинлари АҚШнинг Доҳадаги ҳарбий базасига учиб кетади. Бироқ кейин уларнинг Қатардан АҚШга ва ёки бошқа жойга кетиши номаълум.

Газетанинг ёзишича, Ўзбекистонда  Афғонистондан келган 46 та самолёт ва вертолёт бўлиб турибди. “Толибон” уларни қайтаришни сўраган. Толиблар вакили Суҳайл Шоҳин аввалроқ учувчиларнинг мамлакатга қайтишлари лозимлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг уларга муҳтожлиги бор.