Афғонистон аёллар футбол жамоаси Покистонга эвакуация қилинди

Афғонистон аёллар футбол жамоаси Покистонга эвакуация қилинди

Афғонистон аёллар футбол жамоаси «Толибон» таҳдидидан сўнг Покистонга эвакуация қилинган.

"Dawn" интернет нашрининг хабар беришича, 14 сентябрь куни афғонистонлик футболчилар оилалари билан «Торҳам» назорат-ўтказиш пункти орқали Покистонга олиб ўтилган.

Аввалроқ, АҚШ миллий футбол терма жамоасининг собиқ футболчилари мамлакат ҳукуматини афғонистонлик футболчиларга гуманитар бошпана беришга чақирган эди.

«Футбол бўйича Афғонистон аёллар миллий терма жамоаси таъқиб қилинмоқда, уларнинг ҳаёти хавф остида ва буларнинг барчаси улар ўзларига ёққан спорт тури билан шуғуллангани учун бўлмоқда. Эвакуация жараёнидаги қийинчиликларга қарамай, сиздан жиддий хавф остида бўлган афғонистонлик футболчиларни зудлик билан ҳимоя қилишни сўраймиз», дейилади АҚШлик собиқ футболчилар баёнотида.