"Афсуски, орамизда бош билан қўлнинг фарқига бормайдиган профессионаллар бор". "Сўғдиёна" ва "Турон" ўйини кескин танқидларга сабаб бўлмоқда

Кеча, Ўзбекистон Супер лигасининг 2-турида Жиззахнинг "Сўғдиёна" ҳамда хусусий жамоа — Яйпаннинг "Турон" жамоалари ўртасидаги баҳсда 1:0 ҳисобида "Сўғдиёна" ғалаба қозонди. 

Ижтимоий тамроқларда шу куннинг ўзида ўйин ноҳақликлар остида ўтгани, ҳакамларнинг айрим нохолис қарорлари ҳақида турли танқидлар пайдо бўлди. Дастлаб, ўйиндан сўнг "Турон" бош мураббийи Ислом Исмоилов бу борада интервью берди:

"Аввало "Сўғдиёна"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, «Турон»нинг айби Суперлигага чиққаними? Ёки ҳакамларга пул билан чиқмаётганими? Ҳозирги ўйинни бутун Ўзбекистон кўрди: тўп футболчининг бошига тегганига ҳакам пенальти белгилаяпти. Ўшалар, ана, кийиниш хонасига кириб кўрсин, футболчилар йиғлаб ўтирибди. Буларга қачон чора кўрилади? Қачонгача бу нарсаларга чидаш мумкин? Тозалаймиз дейишяпти, шуми тозалгани? Шуми? Футбол йўқ. Фақат ҳуштак, фақат ҳуштак! Қачонгача? Ким буларга чора кўради. Бу ерда 70-80 киши оиласини боқаман деб эзилиб кетяпти. Шуми Ўзбекистонда адолат? Қани адолат? Биз ҳалол ўйнаяпмиз, ҳакамларга пул билан чиқмаяпмиз. Бир сўм пул билан чиқмасангиз, “каллангизни кесиб ташлашяпти”. Бунга ким, қачон чора кўради? Майли, мени футболдан бутун умр олиб ташласа, олиб ташлайверсин. Лекин кимдир охиригача қарши курашиши керак", - каби аччиқ гапларни гапирди "Турон" клуби бош мураббийи. 7

Ижтмоий тармоқларда блогерлар томонидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирлмоқда. Хусусан, блогер Баҳодир Аҳмедов Рашан Эрматов ва Диёр Имомхўжаевдан нажот кутган.

"Турон ўйинидаги ҳакамнинг очиқ ва қўпол хатолари. Ўзбекистон Футбол федерациясидан изоҳ кутамиз. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан ҳам муносабат билдириши ва чора кўриши лозим. Ахир, у ерда Равшан Эрматов бор-ку. Футбол ислоҳталаб ҳолда. Диёр Имомхўжаевдан ҳам ташаббус кутамиз!- дея изоҳ қолдирган Баҳодир Аҳмедов.

ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев ҳам ўз муносабатини қисқа маълум қилди:

"Coca-Сola Суперлигада VAR ишлайдиган ўйинлар сонини кўпайтириш устида ишлаймиз.  

Кейинги сафаримиз биринчи галда Яйпанга бўлади. Боиси Турон бугун ҳакамликдан азият чеккан бўлса, бир неча ойдан буён солиқ органлари сабаб азият чекмоқда. Бу кетишда мисқоллаб йиғаётган хусусий клубларимизни ҳам йўқотиб қўйишимиз мумкин.  

Биз бир йил аввал ўхшаш мавзу юзасидан Турон билан биргаликда судда ёнма-ён иштирок этгандик. Бундан кейин ҳам Турон, Андижон, Янгиер, Истиқлол каби клубларни қўлимиздан келганича ҳимоя қиламиз. Айнан шундай клублар футболимиз эртасини белгилаб бериши мумкин.  

Турон катта футбол учун катта чиқим қилди. Унинг бошқарувида бу каби муаммоларга тайёр инсонлар бор. Биз шундай муаммолардан кейин қўл силтаб кетишимиз эмас, уларга қарши бирга курашишимиз кераклигини улар яхши тушуниб туришибди", - дея муносабат қилган ва қўшимча: 

"Афсуски, орамизда бош билан қўлнинг фарқига бормайдиган профессионаллар ҳам бор", - дея ёзиб қолдирган ПФЛ раҳбари.