Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда қандай ишлар амалга ошириляпти?

Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда қандай ишлар амалга ошириляпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Мамлакатимизда аҳолининг сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б.Юсупалиевнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, кейинги йилларда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳанинг ташкилий-хуқуқий асослари умуммиллий хавфсизлик принциплари ва халқаро нормалар асосида қайта шакллантирилди, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида давлат дастурлари қабул қилинди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини меъёрлаш доирасида Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан 2017-2021 йилларда 21 та санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ишлаб чиқиб тасдиқланди.

Республика бўйича таълим муассасалари ходимларини ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиеник ўқитиш юзасидан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ҳудудий бўлинмалари томонидан 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида 35413 нафар мактабгача таълим ташкилоти ва 10210 нафар таълим муассасаси ходимлари санитария минимум курсларида ўқитилди. Санитария-эпидемиология хизматининг аккредетациядан ўтган 28 та органи томонидан 2021 йилнинг 9 ойида 47289 та, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларига 20334 та (шундан импорт маҳсулотлар 15925 та) санитария эпидемиологик хулосалар расмийлаштириб берилди.

Шу билан бирга, санитария-эпидемиология хизмати ва унинг тизимидаги 26 та орган “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига уланди. Ушбу тизим орқали 2020 йилнинг 1 январдан бошлаб республикадан экспорт ва юртимизга ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқариш воситаларига ва халқ истеъмоли молларига санитария эпидемиологик хулоса расмийлаштириб бериш электрон тизим орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи таъкидлаганидек, таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тизимларини тартибга солиш ва такомиллаштириш мақсадида республиканинг турли вилоятлари ва Қорақалпоғистондаги мактабгача таълим ташкилотларида йил давомида ўртача суткалик болалар рационида бўлиши тавсия этилган 24 та озиқ-овқат маҳсулотларининг мавжудлиги ўрганилди. Натижада рационда 13 озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича камомад борлиги аниқланди ва уларни тўлдириш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда таомлар рўйхати ишлаб чиқилди ва мактаб раҳбарларига ҳамда мактаб ошхоналарини ижарага олган аутсорсерларга етказилди.

Умумтаълим ўқув муассасалари атрофида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган, хавфсизлиги қафолатланмаган, номаълум шароитда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр таомлар, ширинликлар ва ичимликларнинг сотилишига йўл қўймаслик мақсадида барча мактаб раҳбарларига танаффус пайтларида мактабга кириш жойларида ўқитувчилар ва қўриқлаш хизматининг навбатчилигини ташкил этиш, ўқувчиларни ташқарига чиқармаслик тўғрисида кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Мажлисда парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.