Акциз солиғининг бекор қилиниши импорт автомобиль нархини қанчага туширади?

Акциз солиғининг бекор қилиниши импорт автомобиль нархини қанчага туширади?

1 августдан импорт машиналар учун акциз солиғи бекор қилиниши ҳақидаги қарор автомобиль ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди.

"Йиллар давомида монополия заводни қўллаб-қувватлаш учун хориждан кирадиган машиналарга отнинг калласидек солиқ ва божлар қўйилган, натижада носоғлом рақобат муҳити пайдо бўлганди. Бундан эса давлат бирор тайинли фойда олгани даргумон, лекин истеъмолчи (халқ) қийналгани аниқ.

Тонналаб билдирилган танқидлар ортидан энди ана шу сунъий тўсиқлар секин-аста енгиллашяпти, бу жуда қувонарли қарор, рости" деб ёзади ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Шунингдек, блогер акциз солиғининг бекор қилиниши импорт автомобиль нархини қанчага тушишини ҳисоблаб чиқди: 

Аввало хориждан кирадиган енгил автомобилларга қандай қўшимча тўловлар борлигини кўриб чиқсак:

1) божхона йиғими (божхона қийматининг 0,2%, бироқ камида $25 ва $3000 дан ортиқ эмас);

2) ҚҚС (15%);

3) импорт божхона божи (3 йилгача бўлган янги автомобилларга машина нархининг 30%и, 3 йилдан ортиқ эски машиналарга 40%);

4)  яна битта импорт божхона божи (бу сафар машина двигатель ҳажмига қаралади):

а) янги машина учун – 1000 куб.смгача ҳар бир куб.см учун 1,8 доллар, 1500 гача $2, 3000 гача $2,5, 3000 дан ошса $3;
b) эски машина учун - ҳар бир куб.см учун $3;

5) акциз солиғи (мана шу бекор бўлмоқда).

Келинг, аниқроқ тушунишимиз учун Volkswagen Passat машинасининг 2.0 TSI DSG Business Edition модификациясини мисол тариқасида оламиз. Двигатель ҳажми 1984 куб.см. Россиядаги нархи тахминан 34 минг АҚШ доллари (янгиси).

Энди шу машина Ўзбекистонга қанчага кириб келишини кўриб чиқамиз (транспорт харажатисиз):

Ўзининг нархи: $34000
Божхона йиғими (0,2%): $68
ҚҚС (15%): $5100
Импорт божи (нархдан 30%): $10200
Импорт божи (ҳажмдан - $2,5): $4960
Акциз солиғи (ҳажмдан - $2,9): $5753

Жами: 60 минг 81 АҚШ доллари

Кўриб турганингиздек, 34 минг долларлик машинани Ўзбекистонга олиб кириш учун давлатга 26 минг доллар қўшимча ҳақ тўлаш керак. Тахминан машина нархининг устига 77% тўлов қилиняпти.

Энди 1 августдан бошлаб акциз солиғи бекор бўлса, ҳозирги мисолимиздан кўриш мумкинки, 5753 долларга нарх арзонлайди. Яъни 34 минг долларлик машина салкам 54 мингга кириб келади (машина нархи устига тахминан 59% тўлов).

Ҳа, импорт машиналар учун акциз солиғи бекор бўлаётгани жуда яхши янгилик, чунки бу узоқ йиллик монополияга секин-аста барҳам берилиши учун ташланган қадамлардан бири.

Аммо барибир ҳам божхона тўловлари жуда юқорилигича қолмоқда. Бунақада соғлом рақобат муҳитини яратиб бўлмайди. Юқорида айтганимиздек, бундан ҳам давлат, ҳам халқ, яъни истеъмолчи ютқазади.