«Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти АҚШга «ҳар томондан ҳужум қилиш» билан кенг кўламли уруш ваъда қилди

«Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти АҚШга «ҳар томондан ҳужум қилиш» билан кенг кўламли уруш ваъда қилди

«Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти АҚШга «ҳар томондан ҳужум қилиш» билан кенг кўламли уруш ваъда қилди. Бу ҳақда гуруҳнинг икки вакили CNN телеканалига воситачи орқали хабар берган.

Террорчи ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, Америкага қарши кураш «АҚШ бутун ислом дунёсидан чиқариб юборилгунга қадар» давом этади. Телеканалнинг таъкидлашича, «Ал-Қоида» одатда оммавий ахборот воситалари билан алоқа ўрнатишдан бош тортган ва ташвиқот учун ўз ресурсларидан фойдаланиб келган. Терроризм бўйича мутахассис Пол Круикшанк CNN телеканалига берган интервьюсида террорчилик гуруҳи АҚШ президенти Жо Байденнинг АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қароридан «илҳомланган» ёки «яқинда юз берган кўп сонли талафотлардан эътиборни чалғитмоқчи бўлган» бўлиши мумкин деган фикрни илгари сурди.

«Бундан ташқари, ‘Ал-Қоида’ ташкилоти ‘Толибон’ ҳаракати  Вашингтонга террорчилик гуруҳи билан алоқаларни узиш ҳақида берган ваъдасида самимий эмаслигини айтди, демак Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги битим алдовга асосланган», — дейди CNN.

«Ал-Қоида»нинг бундай баёноти ташкилот асосчиси Усама бин Ладен вафотининг 10 йиллиги арафасида берилди. 2011 йил 2 майга ўтар кечаси АҚШ денгиз флоти аскарлари Покистоннинг Абботобод шаҳридаги бин Ладеннинг қасрига бостириб кирган. «Ал-Қоида» раҳбари билан биргаликда унинг ўғли ва учта шериги ўлдирилган.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен CNN нашрига берган интервьюсида ҳеч ким Афғонистонда фуқаролар урушининг қайта бошланишидан манфаатдор эмаслиги, бироқ ушбу сценарийнинг эҳтимоли мавжудлиги ҳақида гапирган эди.