Александр Лукашенконинг Олимпиада ўйинларига ташриф буюриши тақиқланди

Александр Лукашенконинг Олимпиада ўйинларига ташриф буюриши тақиқланди

Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Халқаро олимпия қўмитаси томонидан ташкил қилинадиган барча тадбирларда иштирок этиши тақиқланди. Бу ҳақда қўмита президенти Томас Бахга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Тақиқ Олимпиада ўйинларига ҳам тааллуқли бўлади. Ҳозирча мазкур чора вақтинчалик ҳисобланади. Бахнинг сўзларига кўра, Александр Лукашенко раҳбарлик қиладиган Беларусь Миллий олимпия қўмитасининг ҳозирги раҳбарияти спортчиларни сиёсий камситишдан ҳимоя қилмайди.

Келгуси Олимпиада ўйинлари 2021 йилнинг ёзида Токиода бўлиб ўтиши керак. Ўйинлар коронавирус пандемияси сабабли бир йилга қолдирилганди.

Беларусда 9 августдаги президентлик сайловидан кейин бошланган оммавий норозилик намойишлари тўрт ойдан буён давом этмоқда.