Алишер Қодиров 1-синфдан диний таълим берилса, Ўзбекистонда катта ҳомийларга эга бўлган миссионерлар оқими 3-5 йил ичида минглаб "зомби" ёшлар қатламини шакллантиришини айтмоқда

Алишер Қодиров 1-синфдан диний таълим берилса, Ўзбекистонда катта ҳомийларга эга бўлган миссионерлар оқими 3-5 йил ичида минглаб

Хабарингиз бор, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди. 

Ушбу қонун лойиҳаси, хусусан, унда ўрин олган диний таълим масаласи ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, қуйи палата Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров шу ҳақидаги муносабатларга ўз муносабатини билдирди.

"Биринчидан, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кирган вақтидаёқ диний таълим масаласини кўтарган фракция «Миллий тикланиш» эди. Ташаббусга кўр-кўрона ёпишиб олмасдан деярли икки ой давомида ушбу масала батафсил ўрганилди, соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашилди.

Сохта обрў илинжидаги ҳамкасбимиз масалани бошланғич нуқтасида турибди — мавзуни ўрганмаган, доимгидек гапириш учун гапирди.

Иккинчидан, қонун қабул қилинган мажлисда иштирок этмаган депутат хулоса билан эмас, қулоғи билан гапиради, жуда ҳам табиий ҳолат.

Учинчидан, бу норма қонуннинг қайси моддасида тортишилди? - деган саволга масалани кўтараётган ҳамкасбимиз жавоб беришига ишончим комил эмас, якуний ўзгаришларни билмайди чунки.

Партияга нисбатан ҳақоратомуз оҳанг эса «Давлат тили тўғрисида»ги қонун муҳокамасида калтабинлик билан йўқотилган ишонч учун аламзадаликдан бўлса керак.

Энди қонундаги биз қарши бўлган жиҳат бўйича...

Авваламбор, ҳар қандай таълим жараёни гуруҳ иштирокида, тизимлилик ва мунтазамликни тақозо қилади. Қонунга кўра, диний таълим олмоқчи бўлганларга бундай имконият мактабни тугатгандан кейин профессионал диний таълим муассасаларида берилади.

Муҳокамага сабаб бўлаётган қисм бу 1-синфдан бошлаб диний таълим олиш ёки дарслардан кейин лицензияга эга, олий диний билими бўлган шахс томонидан диний таълимни ташкил қилиш учун рухсат бериш масаласи.

Бу қонунга: “...ваколатли идора томонидан ижозат берилган, профессионал диний билимга эга мутахассис диний таълим бериши мумкин» деган норма киритилган тақдирда ҳам бошланғич диний таълим тизимининг ўзи йўқлиги учун динни ўрганиш одатдагидек устоз-шогирд тизимида давом этиб кетаверади.

Бугун ёшлар динни ота-оналаридан, масжидларда, амри-маъруфларда, кундалик ҳаётда уламолар билан суҳбатда, ижтимоий тармоқларда ва бемалол сотувда бўлган диний адабиётлар воситасида ўрганишмоқда ва бу қонунга зид эмас.

Агар қонунда “...ваколатли идора томонидан ижозат берилган, профессионал диний билимга эга мутахассис диний таълим бериши мумкин» деган норма киритилса, ўргатиш Исломдагидек мураккаб бўлмаган, эътиқоддан кўра сиёсий-стратегик мақсадларга хизмат қиладиган минглаб миссионерларга миллионлаб ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларимизнинг онгига яшил йўлак қилиб берган бўламиз. Тасаввур қилиб кўринг, битта уламо диний мактаб очиб 100 та қоракўзга Уммул Қуръонни ёдлатгунича, 100 та миссионер 100 та мактаб очиб минглаб болаларимизнинг етилмаган тафаккурини остин-устун қилиб юборади.

Муқаддас Ислом собитлик билан кундалик яшалади ва сабр билан ўрганилади. Мусулмон туғилгандан ўлимигача эшитади, ўқийди ва тафаккур қилади. Бу жараённи қонун тақиқлай олмайди.

Такрор айтаман, бу норма қабул қилинса, қонунни барча талабларини бажарган ҳолда, катта ҳомийларга эга бўлган миссионерлар оқими 3-5 йил ичида минглаб, агар миллионлаб бўлмаса, динидан, қадриятидан узилган зомби ёшлар қатламини олдимизга тўкиб ташлайди.

Тушунганлар учун, биз диний таълимни қўллаб-қувватладик, жамиятимизга ёт ғояларни сингдирмоқчи бўлаётганларга қарши чиқдик..." деб ёзади депутат.