Алишер Қодиров Ўзбекистонда электрон сигареталарни тақиқлашни таклиф қилди

Алишер Қодиров Ўзбекистонда электрон сигареталарни тақиқлашни таклиф қилди

«Миллий тикланиш» демократик партияси 12 ноябрь куни Қонунчилик палатасида ўтказган фракция йиғилишида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган. Фракция аъзоларининг барчаси қонун лойиҳасида электрон сигареталарни тақиқлаш бўйича қатъий чеклов киритишни таклиф қилган.

«Дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак. Мутахассислар унинг генофондга жиддий таъсир кўрсатишини айтмоқда. Партиямиз ҳам ушбу масалани мунтазам кўтариб келади. Ким нима деса десин, ушбу қонун лойиҳасига электрон сигареталарни қатъий тақиқлаш бўйича чеклов киритилмас экан, биз ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши овоз бераверамиз», — деган фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Таъкидланишича, таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланган ва қонун лойиҳаси қўмитага қайтарилган.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Тошкентдаги 1000 дан ортиқ дўконда бир марта ишлатиладиган никотинни етказиб берадиган электрон тизимлар сотиляпти. Бу эса тамаки маҳсулоти бозорининг 40 фоизини ҳамда қиймат ифодасида тамаки маҳсулоти бозори улушининг 4 фоизини ташкил қилади