Алишер Усмонов Наманганда Халқаро бизнес маркази қуради

Алишер Усмонов Наманганда Халқаро бизнес маркази қуради

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳрининг Амир Темур кўчасидаги собиқ “Кичкинтойлар боғи”да бўлди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги.

6 гектарни эгаллаган мазкур ҳудудда UMS Holding асосчиси, тадбиркор Алишер Усмонов томонидан Халқаро бизнес маркази қурилиши режалаштирилган. Ушбу марказ Конгресс-холл, бизнес мактаби, меҳмонхона, экопарк, спорт-соғломлаштириш иншоотларини ўз ичига олади. Сунъий кўллар, фавворалар, автотураргоҳлар барпо этилади. 

- Халқаро бизнес маркази қурилиши баҳор ойларидан бошланади. Бу ерда келгусида халқаро симпозиумлар, бизнес-форумлар ўтказилиши кўзда тутилган. Шу орқали Наманганга инвестициялар кириб келиши жадаллашади, бизнес-туризм учун кенг имкониятлар яратилади. Мазкур марказ Наманганнинг ўзига хос брендига айланади, - деди вилоят ҳокими. 

Шавкат Абдураззоқов қурилиш олиб борилиши режалаштирилган ҳудудда ободонлаштиришга эътибор қаратиш, котлован (пойдевор ётқизиш учун қазилган чуқур - таҳ.) атрофида хавфсизлик масалаларини кўздан қочирмаслик зарурлигини таъкидлади. 

Халқаро бизнес маркази барпо этиладиган манзилда Қуръон тиловат қилиниб, жонлиқ сўйилди. Бошланаётган ишларга хайр-барака тиланди, дейилади маълумотда.