«Америка тарихини ўзгартиргани учун». Time Жо Байден ва Камала Харрисни «Йил одами» деб эълон қилди

«Америка тарихини ўзгартиргани учун». Time Жо Байден ва Камала Харрисни «Йил одами» деб эълон қилди

Time журнали «Йил одами—2020» мақомини АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденга ҳамда унинг маъмуриятида вице-президент бўладиган Камала Харрисга берди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

«Америка тарихини ўзгартиргани учун, ҳамдардлик кучи ажралиш ғазабидан устунлигини намоён қилгани учун, қайғуга чўмган дунёда дардга даво топиш ҳақида бир фикрни ўртоқлашгани учун Жо Байден ва Камала Харрис Тиме томонидан ‘Йил одами’ дея эътироф этилди», — деб хабар берди журнал.

Time қайд этишича, Франклин Рузвельтдан бошлаб Американинг ҳар бир президенти «Йил одами» мақомини қўлга киритган, аммо вице-президент ҳали бундай номга сазовор бўлмаган эди. Камала Харрис Жо Байден билан биргаликда йил одами деб топилишига сабаб шуки, «ирқий адолат учун катта кураш олиб борилган ва тарихдаги энг муҳим сайловлардан бири ўтказилган йилда» уларнинг иттифоқи бирлашув рамзига эгадир.

Аввалроқ Time журнали «Йил одами» мақомига даъвогарларнинг шорт-листини эълон қилган эди. Байдендан ташқари, унга амалдаги АҚШ президенти Дональд Трамп, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари АҚШ бош инфекционисти Энтони Фаучи билан бирга, шунингдек, ирқий адолат ҳаракати иштирокчилари ҳам кирган эди. Шорт-листда Харрис йўқ эди.

 

Time бошқа йўналишларда ғолиб бўлганларни ҳам эълон қилди. Zoom видеоконференциялар сервисини ўйлаб топган Эрик Юань йил бизнесменига айланди. Ушбу сервис пандемия даврида энг оммабоп алоқа воситасига айланди ва хавфсизлик муаммоларига дуч келди.

«Йил артисти» йўналишида BTS кей-поп гуруҳи ғолиб бўлди. Time қайд этишича, 2020 йил жамоа учун жуда муваффақиятли бўлди: BTS кей-поп гуруҳлар ичида биринчи бўлиб Американинг Billboard Hot 100 чартида чўққига чиқди, биринчи кунда кўришлар сони бўйича YouTube’да рекорд ўрнатди, онлайн-концерт учун қарийб 1 миллионта чипта сотди, гуруҳни яратган лейбл эса муваффақиятли тарзда биржага чиқди. Бундан ташқари, BTS қора танлилар ҳуқуқлари учун курашувчи Black Lives Matter ҳаракатига 1 миллион доллар хайрия қилди.

«Йил қўриқчилари» (Guardians of the Year) мқомига пандемия билан курашда олдинги сафда турган тиббиёт ходимлари ва АҚШ бош инфекционисти Энтони Фаучи, шунингдек, ирқий адолат учун кураш ташкилотчилари, хусусан, америкалик Порч Беннет-Бей ва франциялик Асса Траоре сазовор бўлди. Беннет-Бей афроамерикалик Жейкоб Блейк полициячилар томонидан ўлдирилган Кеноша шаҳрида норозилик намойишларининг етакчиларидан бири бўлган. Траоре эса полицияда ҳалок бўлган акаси Адаманинг ўлимини текширишни талаб қилиб, кампания бошлаган.