Америкалик жарроҳлар илк бор инсон юзи ва иккала қўлини кўчиришди

Америкалик жарроҳлар илк бор инсон юзи ва иккала қўлини кўчиришди
 
АҚШда жарроҳлар тарихда биринчи марта бир вақтда одам юз териси ва икки қўлини алмаштириш бўйича муваффақиятли амалиёт ўтказишди-дея хабар бермоқда UzA.

Аъзолари ўзгартирилган бемор йўл ҳаракати ҳодисаси пайти куйиш оқибатида жароҳатланган эди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берган.

Нашр ёзишича, 2018 йил Нью-Жерсида истиқомат қилувчи Жо Димео тунги навбатчиликдан уйига қайтаётганда машинасини бошқараётиб, кўзи илинган. Оқибатда унинг автомобили темир тўсиққа урилган ва ағдарилиб, ёниб кетган. Жабрланувчи танасининг 80 фоизи куйган.

Автоҳалокатдан сўнг Димео 4 ой касалхонада ётди ва 20 та жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Қўл бармоқларидан жудо бўлди, юзи ва бўйнида ҳаракатга, бурилишга халақит берадиган чандиқлар қолди. 2019 йилда шифокорлар вафот этган донорнинг қўллари ва юзини Жога ўрнатишга қарор қилишди. 23 соат давом этган операция натижасида мижозга бошнинг соч қисми тугаган жойидан айланасига то бўйингача бўлган бутун терини, бурун суякларини, пастки жағни алмаштиришди.

Трансплантация амалиётидан ярим йил ўтиб Димео яна имо-ишора қилиш, қошларини қимирлатиш, ажинларини ўйнатиш, шунингдек мустақил кийиниш, ити билан ҳазиллашиш, ҳатто гольф билан шуғулланиш бахтига муяссар бўлди. Фақат энди у тўқималар тортилиши ва профилактика мақсадида бир умр иммунодепрессант воситалари қабул қилишга мажбур.