Америкалик конгрессмен вакцина олганидан кейин коронавирусга чалинди

Америкалик конгрессмен вакцина олганидан кейин коронавирусга чалинди

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Стивен Линч (Массачусетс штатидан демократ), белгиланганидек, вакцинанинг иккита дозасини олиб бўлганидан кейин коронавирусга чалинди. Бу ҳақда конгрессменнинг матбуот котиби маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Ҳозирча жаноб Линчда симптомлар йўқ, у ўзини яхши ҳис қиляпти», — деди у. Демократ карантинга кетади ва ишини уйдан давом эттиради.

Вакилнинг сўзларига кўра, конгрессмен Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмланган. Иккинчи дозани у АҚШ президенти Жо Байденнинг 20 январдаги инаугурациясидан олдин қабул қилган. Ўша пайтда Линч коронавирусга тест ҳам топширган, у манфий натижа берган.

АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази сайтида айтилишича, вирусга нисбатан иммунитет ишлаб чиқарилиши учун одам организмига вақт керак, шунинг учун бевосита эмланишдан олдин ёки кейин COVID-19’га чалиниб қолиш мумкин. АҚШда маъқулланган бирорта ҳам вакцина ўз-ўзича касалликни келтириб чиқара олмайди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Калифорния штати Плэсер округида коронавирусга қарши эмланган фуқаро вафот этгани юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари текширув бошлади. Вафот этган шахс коронавирус билан 2020 йил декабрь ойи охирида касалланган. Кейинчалик, 21 январь куни у COVID-19’га қарши эмланган ва орадан бир неча соат ўтиб вафот этган.

Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, АҚШда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 26 миллион кишидан ошган