Амир Темур хиёбонида нималар содир бўлди? ИИББ изоҳ берди

Амир Темур хиёбонида нималар содир бўлди? ИИББ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Амир Темур ҳиёбонида кўплаб фуқаролар тўпланганлиги акс этган видеотасвир юзасидан расмий маълумот берилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 июль куни тахминан соат 22.30 ларда Тошкент шаҳрига Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларида «Субо» номи билан танилган блогер – 1999 йилда туғилган Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад ўғли ташриф буюрган. Бундан олдинроқ у ўзининг саҳифасида тез орада Тошкентда бўлишини ва обуначилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган. Пойтахтимизнинг Амир Темур ҳиёбонида Мамедов С.ни кутиб олиш учун 150-200 га яқин фуқаролар йиғилган.

Ҳозирги кунда эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, юртимизда карантин чекловлари ўрнатилганлиги сабабли, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари ҳамда оммавий равишда тўпланмасликлари тушунтирилган ва фуқаролар тарқатилган.

Блогер Мамедов С. билан профилактик суҳбат ўтказилган. Мазкур воқеада қонун бузилиши ҳолатлари ва тартибсизликлар юз бермаган.

Тошкент шаҳар ИИББ фуқароларимиздан бундай мазмундаги чақириқларга учмасликларини ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда оммавий равишда тўпланмасликларини сўраган.